Logo

Малайзияда мактаб ўқувчилари учун "Ўзбекистон кунлари" ўтказилди

Апрель 08, 2026. 08:15 • 2 дақ

264
Малайзияда мактаб ўқувчилари учун "Ўзбекистон кунлари" ўтказилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 8 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан “GAINS Education Group” ташкилоти билан ҳамкорликда ушбу компанияга қарашли халқаро мактабда “Ўзбекистон кунлари” кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир доирасида иштирокчиларга мамлакатимиз тарихи, айниқса унинг Буюк Ипак йўлида тутган муҳим ўрни ҳақида батафсил маълумот тақдим қилинди.

Лойиҳа доирасида мактабда таҳсил олаётган ёшлар савдогар, тадбиркор, тарихчи ва дизайнер ролларини ижро этиб, “Қадимги Ипак Йўлидан илҳомланган цивилизация” мавзусидаги стендларини намойиш қилди.

Бу оддий мактаб кўргазмаси эмас, балки амалий тажрибага йўналтирилган лойиҳа бўлди. Ҳар бир стенд мини-бизнес шаклида ташкил этилди ва ёшлар ўз билимини реал ҳаётга татбиқ этиш имконига эга бўлди.

Шунингдек ўқинг

Кўргазма давомида меҳмонлар махсус купонлар орқали нафақат Ўзбекистонга оид маҳсулотларни “харид қилди”, балки “савдогарлар” билан мулоқот қилиб, уларнинг илмий ва ижодий изланишлари билан ҳам танишди.

Шунингдек, тадбирда ўзбек миллий маданияти ва санъати кенг намойиш этилди. Айниқса, амалий санъат намуналари ва қўл меҳнати маҳсулотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу амалий лойиҳадан илҳомланган “GAINS Education Group” раҳбарияти, тадбир меҳмонлари ва ёшлар келгусида Ўзбекистон билан мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.

“GAINS Education Group” 2017 йилда малайзиялик таълим мутахассиси Зализа Алиас ва Моҳд Ҳафиз томонидан ташкил этилган. Компания мактабгача ва мактаб таълими соҳасида хизмат кўрсатиб, ҳозирги кунда 3 та халқаро мактаб, 3 та таълим академияси ва 70 та хусусий таълим марказларини бирлаштирган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш