Logo

“Аl-Nahar”: Ўзбекистон қадимий цивилизациялар меросини ХХI аср технологиялари билан уйғунлаштирмоқда

Декабрь 18, 2025. 12:38 • 2 дақ

210
 “Аl-Nahar”: Ўзбекистон қадимий цивилизациялар меросини ХХI аср технологиялари билан уйғунлаштирмоқда

АЛ-КУВАЙТ, 18 декабрь. /“Дунё” AA/. Саудия Арабистонининг нуфузли “Аl-Nahar” нашрида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раҳбари Умид Шодиевнинг Ўзбекистоннинг сайёҳлар учун очиқ ва хавфсиз мамлакат сифатида Марказий Осиё минтақасида янги туризм марказига айланиб бораётгани ҳақидаги интервьюси эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистонда 2025 йил январь–сентябрь ойларида хорижий сайёҳлар сони юқори даражада ўсиб, 8,6 миллион нафарга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112,5 фоизга ортиқ, дегани. Туризмдан тушган даромад эса 3,6 миллиард долларни ташкил этмоқда”, – дейди Умид Шодиев.

Таъкидланишича, Хитойдан келган сайёҳлар сони 3,5 баравар, Франциядан 1,3 баравар, АҚШ, Испания ва Туркиядан 1,2 баравар, Германия, Италия, Малайзия ва Ҳиндистондан 1,1 баравар ошган. Бу туризмни бозорининг сезиларли даражада кенгайганини билдиради.

Умид Шодиевга фикрича, инфратузилмани модернизация қилиш соҳанинг муваффақиятида ҳал қилувчи омил бўлди. 2025 йилда 421 та янги лойиҳа амалга оширилди ва 6 минг 300 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Энг муҳим ютуқлар қаторида Германия инвестицияси билан Тошкентда “Marriott” меҳмонхонасининг очилиши, Бўстонлиқ туманида “Bildirsoy Resort” чанғи мажмуасининг фойдаланишга топширилиши, Айдар-Арнасой кўли атрофида қирғоқбўйи курорт лойиҳасининг ишга туширилиши ҳамда Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги тарихий марказларнинг қадимий меъморий хусусиятлари сақлаб қолингани бўлди.

“Турар жой сектори жадал ривожланмоқда, меҳмонхона саноатида ўсиш кузатилмоқда. Сўнгги тўққиз ой ичида 836 та янги муассаса, жумладан, 106 та янги меҳмонхона, 460 та оилавий меҳмонхона, 226 та хостел ва 47 та бошқа турдаги турар жой очилди. Бу эса жами 177 минг ўринли 6 минг 691 та муассасага етди. “Marriott”, “Swissôtel”, “DoubleTree by Hilton” ва “Azimut” каби глобал брендлар Тошкент, Самарқанд ва Бухорода кенгайишни бошлади. Бу хизмат кўрсатиш стандартлари ва сифатини оширди”, – дея таъкидлади қўмита раҳбари.

“Ўзбекистон қадимий цивилизациялар меросини ХХI аср технологиялари билан уйғунлаштирмоқда. Биз Марказий Осиёдаги етакчи сайёҳлик марказларидан бири сифатидаги мавқемизни мустаҳкамлаш учун ишонч билан ҳаракат қилиб, келгусида янги йўналиш ва хизматларнинг ишга туширилиши билан янада ривожланишни истаймиз”, – дея хулоса қилинган “Аl-Nahar” нашрида берилган интервьюда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш