Logo

“Al Bilad”: Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлар жаҳон савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаган

Февраль 23, 2026. 11:51 • 3 дақ

398
“Al Bilad”: Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлар жаҳон савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаган

МАНАМА, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Баҳрайннинг машҳур “Al Bilad” нашрида “Самарқанд ва Бухорони кашф этинг: Ўзбекистоннинг яширин хазиналари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти кенг тарғиб қилинган. Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ўз маданияти ва қадимий тарихига эга мамлакат саналади. Самарқанд ва Бухоро Ўзбекистондаги энг кўзга кўринган шаҳарлар ҳисобланади.

“Дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида танилган Самарқанд Ипак йўлидаги шунчаки тарихий бекат эмас, балки форс, хитой ва ҳинд таъсирларининг ажойиб уйғунлигини акс эттирувчи ранг-баранг маданий марказдир. Шаҳар 2700 йилдан ортиқ вақт олдин ташкил этилган бўлиб, Бибихоним масжиди ва Улуғбек расадхонаси каби ажойиб меъморий ёдгорликлари билан машҳур”, дея таъкидланган материалда.

Самарқанд меъморчилиги дунёда энг кўзга кўринган маданий диққатга сазовор жойларидан бири ҳисобланади. “Шоҳи Зинда” масжиди ўрта асрлар меъморий бадиий маҳоратини ўзида мужассам этган феруза рангли гумбазлари билан ажралиб туради. Қурилишда ишлатилган мозаика ва мармарлар Ўзбекистоннинг қадимги ҳунармандларининг бой тарихи ва маҳоратини акс эттиради.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Шоҳи Зинда ўн бешинчи аср давомида ғоявий ва маданий алмашинувнинг асосий марказларидан бири бўлган, бу эса Самарқанднинг билим ва ижод маркази сифатидаги аҳамиятини янада оширади.

Тарихий маълумотларга кўра, Самарқанд нафақат Буюк Ипак йўлидаги бекат, балки жаҳон савдосида улкан ўрин тутган. У Осиё ва Европа ўртасида ипак, зираворлар, олтин ва қимматбаҳо тошлар каби товарларни айирбошлаш маркази бўлган. Яқин Шарқ савдогарларининг яқинда топилган ҳужжатлари каби замонавий далиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон шаҳарлари қадимги цивилизациялар ўртасидаги савдо алоқаларини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнаган.

Нашрда қайд этилишича, Бухоро шаҳри ҳам жаҳонга машҳур бўлиб, Марказий Осиёда ислом цивилизациясининг тарихий хазинаси саналади. Шаҳар маънавий ва маданий жиҳатларни излаётган сайёҳларни ўзига жалб қиладиган сирли муҳитга эга. Бухоро шунчаки ибодат жойи эмас, балки минтақа тарихининг ижтимоий ва сиёсий жиҳатлари намоён бўладиган маскандир.

Бухородаги машҳур жойлар орасида Марказий Осиёдаги энг муҳим исломий ёдгорликлардан бири ҳисобланган Масжиди Калон мажмуасини учратамиз. Масжид ўзининг 47 метр баландликдаги минораси билан машҳур бўлиб, ундан сайёҳлар учун маёқ сифатида фойдаланилган. Ислом тадқиқотларига кўра, Бухоро асосий таълим маркази бўлиб, унинг Мир Араб мадрасаси каби машҳур илм даргоҳларида фиқҳ (ҳуқуқшунослик), астрономия ва тиббиёт фанлари ўқитилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш