“Travel Tomorrow”: Ўзбекистон 2030 йилга қадар мамлакатга 20 миллион хорижий сайёҳни жалб қилишни режалаштирмоқда
Январ 23, 2026. 11:24 • 2 дақ
• 436
БРЮССЕЛЬ, 24 январь. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг машҳур “Travel Tomorrow” нашрида бош муҳаррир Антонио Бускардинининг Ўзбекистонда туризм соҳаси ривожи ҳамда 2030 йилга қадар мамлакатга 20 миллион хорижий сайёҳни жалб қилиш режаларига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф таъкидлаганидек, Ўзбекистон ўз олдига туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини икки баравар оширишни мақсад қилган. Ушбу мақсад янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мустаҳкамланган бўлиб, унда туризм инвестицияларни жалб қилиш, иш ўринларини яратиш ва мамлакатнинг халқаро миқёсдаги обрўсини оширишга қодир стратегик соҳа сифатида қаралади.
Антонио Бускардини ёзишича, ўтган йилда Ўзбекистон дунёнинг энг тез ривожланаётган етти сайёҳлик йўналиши қаторига кирди. 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида халқаро ташрифлар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 73 фоизга ошди. Бу дунёдаги ўртача ўсишдан сезиларли даражада юқори бўлиб, тахминан 5 фоизни ташкил этади. 2025 йилнинг тўққиз ойида хорижий сайёҳлар сони 2024 йилга нисбатан 13 фоизга ошган.
Мақолада Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантириш, ички авиақатновларни кўпайтириш, шаҳарлар ўртасидаги транспорт алоқасини яхшилаш, меҳмонхоналар фондини кенгайтириш хусусида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилган. Тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар сонини икки баравар кўпайтириш, туризмни диверсификация қилишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар билан бир қаторда экологик, гастрономик ва қишлоқ туризмига қизиқиш ортиб бормоқда.
Муаллиф “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий элементи сифатида глобал миқёсда тан олинадиган сайёҳлик брендини яратиш, мамлакатни рақамли воситалар ёрдамида тарғиб қилиш ва юқори қўшимча қийматга эга сайёҳларга эътибор қаратишни таъкидлайди. Виза режимини либераллаштириш ва инфратузилмага инвестициялар аллақачон соҳанинг ўсишига ҳисса қўшган. Кейинги ривожланиш эса хизмат кўрсатишни сифат жиҳатидан яхшилаш ва туризм секторининг барқарорлиги билан уйғунлаштиришга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси