Покистон ОАВ: ОҲИЧК доирасида Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги роли ортиб бормоқда

Октябрь 14, 2026. 19:30 • 2 дақ

• 271
Покистон ОАВ: ОҲИЧК доирасида Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги роли ортиб бормоқда

ИСЛОМОБОД, 14 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Margalla Tribune” ва “Khyber Mail” нашрларида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ходими Бекзод Норматовнинг “Ишонч инқирози шароитида ОҲИЧК: Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг роли” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолаларда ёзилишича, 15 октябрь куни Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК)нинг VII саммити бўлиб ўтиши маълум қилинган. Муаллифнинг фикрича, навбатдаги учрашув давлатларнинг мулоқотни сақлаб қолиш ва умумий нуқталарни топиш қобилияти алоҳида аҳамият касб этаётган бир даврда ўтказилади.

Ушбу форматнинг асосий устунлиги унинг барча учун очиқ ва қамровли хусусиятидир. Тузилма ҳарбий-сиёсий блок ҳисобланмайди ҳамда иштирокчи давлатларнинг ташқи сиёсий суверенитетини чекламайди.

“Мазкур тамойиллар Ўзбекистоннинг ОҲИЧК доирасида изчил амал қилиб келаётган ёндашуви асосини ташкил этади. Расмий Тошкент ушбу ташкилотнинг ишонч чораларини амалга ошириш ва Осиё давлатлари ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш воситаси сифатидаги ролини мустаҳкамлаш тарафдори”, – дея таъкидланган мақолаларда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ОҲИЧКга нисбатан тизимли ёндашуви бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган бир нечта йўналишни қамраб олади. Уларнинг умумий мазмуни давлатлар ўртасидаги ишончни сақлаб қолиш, уни амалий мазмун билан бойитиш ва умумий таҳдидларга жавоб беришда кўп томонлама механизмларнинг имкониятларини мустаҳкамлашга интилишдан иборат.

Шунингдек ўқинг

СМТИ экспертининг ёзишича, Ўзбекистон Президенти 2019 йилда Душанбе ва 2022 йилда Остонада бўлиб ўтган саммитлардаги нутқларида учта асосий ёндашувни илгари сурган.

“Булар хавфсизликни таъминлашга комплекс ёндашув, кўп томонлама ҳамкорликнинг амалий йўналтирилганлиги ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишдир”, – дея таъкидланган манбада.

Умуман олганда, ушбу ёндашувлар Ўзбекистоннинг мазкур бирлашма доирасидаги сиёсати асосидаги мантиқни очиб беради. Бу – давлатлар ўртасидаги ишончни сақлаш, уни амалий ҳамкорлик орқали мустаҳкамлаш ва Осиёнинг аниқ муаммоларини биргаликда ҳал этиш учун кўп томонлама механизмлардан фойдаланишдир.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ОҲИЧКга қўшаётган ҳиссаси ишончни мустаҳкамлаш ва минтақанинг хавфсиз ҳамда фаровон келажагини барпо этишга қаратилган ташаббусларни изчил амалга оширишда намоён бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш