“The Korea Post”: Ўзбекистон янги йўналишлар ва шериклик алоқалари ҳисобидан туризмни жадал ривожлантирмоқда
Октябрь 14, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 91
СЕУЛ, 14 октябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи “The Korea Post” нашрида Ўзбекистон сайёҳлик соҳасидаги ютуқларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистонга 9,1 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,1 фоизга кўпдир. Бунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутиши таъкидланиб, хусусан, Россиядан келган сайёҳлар оқими 30,8 фоизга (деярли 868 минг киши), Озарбайжондан эса 63,3 фоизга (22 минг киши) ошгани қайд этилган.
Шунингдек, Москвадаги “MITT-2026” кўргазмасида ўтказилган B2B учрашувлар, “Қозон – Тошкент” авиарейсининг йўлга қўйилгани ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон томонидан 2025 йилда Франкфурт, Вена, Цюрих, Будапешт, Прага ва Барселона шаҳарларида ташкил этилган “Highlights of the Silk Road” европача роуд-шоулари алоҳида тилга олинган.
Нашрда қўшни давлатлар билан ҳамкорлик масалаларига ҳам кенг ўрин берилган. Хусусан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон томонидан 2026–2027 йилларда туризм соҳасида ҳамкорлик дастури лойиҳаси тайёрлангани, шунингдек, чегаралардан ўтишнинг соддалаштирилган механизми бир нечта давлат бўйлаб саёҳат қилишни янада қулайлаштираётгани ёзилган.
Мақола якунида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 59-йиллик мажлисида илгари сурган “Марказий Осиё туристик ҳалқаси”ни яратиш ташаббуси алоҳида таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси