“Luxury Travel” журнали: Ўзбекистон Буюк Ипак йўлида қишки туризмнинг ёрқин йўналишига айланмоқда
Октябрь 14, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 112
ЛОНДОН, 14 октябрь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг машҳур туристик нашри – “Luxury Travel” журналида Ўзбекистоннинг қишки туризм салоҳиятига бағишланган “Қор остидаги Ипак йўли сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон кўплаб давлатлар фуқаролари учун яратилган визасиз режим, транспорт инфратузилмасининг изчил яхшиланиши ва соҳага киритилаётган кенг кўламли инвестициялар ҳисобидан ҳақиқий сайёҳлик бумини бошдан кечирмоқда. Нашр БМТ маълумотларига таяниб, мамлакат сайёҳлар оқими тезлиги бўйича жаҳондаги энг тез ўсиб бораётган еттита йўналиш қаторига кирганини таъкидлайди.
Мақолада Тянь-Шань тоғларидаги қишки дам олиш масканларига, хусусан, замонавий “Амирсой” тоғ-чанғи курортига, бетакрор қорли манзараларга ҳамда соғломлаштириш туризми имкониятларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, юртимизда яратилган қулай инфратузилма, халқимизнинг самимий меҳмондўстлиги ва миллий гастрономиянинг ранг-баранглиги юқори баҳоланган.
Мақоланинг салмоқли қисми Тошкент, Бухоро ва Самарқанднинг бетакрор архитектура обидалари, ўзбек миллий таомлари ҳамда маданий-гастрономик туризмга бўлган қизиқишнинг изчил ошиб бораётганига бағишланган.
Нашрнинг хулоса қилишича, Ўзбекистон сайёҳларга қадимий мерос, шарқона меъморчилик, бой миллий ошхона ва замонавий дам олиш имкониятларини, жумладан, йилнинг совуқ мавсумида ҳам ўзига хос қулайликларни таклиф этган ҳолда жаҳон туризм харитасидаги ўз мавқеини янада мустаҳкамламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси