Ироқ ОАВ: Ўзбекистонда "Кексалар учун туризм ойлиги"да турли чегирмалар жорий қилинди
Ноябрь 13, 2025. 20:05 • 2 дақ
• 98
БАҒДОД, 26 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ироқдаги оммабоп "Agnaden News Network" электрон нашрида Ўзбекистонда 1–30 ноябрь – Кексалар учун туризм ойлиги доирасида олиб борилаётган ишлар хусусида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистонда кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг дам олиш вақтларини мароқли va мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб ички туризм йўналишида турли саёҳатлар ўтказилиб келнмоқда.
Мамлакат бўйлаб кекса авлод вакилларининг саёҳат қилишини рағбатлантириш мақсадида 1–30 ноябрь – Кексалар учун туризм ойлиги ташкил этилган. Мазкур ойлик муносабати билан жойлаштириш воситаси (меҳмонхоналар) хизматлари, транспортлар, маданий мерос объектлари ҳамда музейларга қатор чегирмалар жорий этилган.
"Республика бўйлаб ҳудудларда фаолият олиб бораётган меҳмонхоналар хизмати учун 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар жорий этилди. "Uzbekistan airways" АЖ 60 ёшдан ошган эркаклар ва 55 ёшдан ошган аёллар учун барча иқтисодий класс чипталарига 15 фоизгача чегирма тақдим этган. Ушбу таклиф авиакомпаниянинг 2025 йил 1 ноябрдан 30 ноябргача бўлган ички парвозларида амал қилади", – дея маълумот берилган "Agnaden News Network" нашрида.
Шунингдек, материалда қайд этилишича, "Ўзбекистон темир йўллари" ушбу тоифадаги фуқаролар учун барча ички йўналишлардаги поездларга ("Афросиёб" тезюрар электропоездларидан ташқари) йўл ҳақининг тариф қисмидан 20 фоиз чегирма эълон қилган.
Маданий мерос агентлиги тасарруфидаги давлат музейлари ва маданий мерос объектларига кириш чипталари учун эса 10 фоиз ҳамда "Вақф" хайрия жамоат фонди тасарруфидаги зиёратгоҳларга 20 фоизгача чегирма жорий қилинган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
