Logo

"Il Sole 24 Ore" газетаси: Бобур ҳаётни, адабиётни, гўзалликни ва ўз ватанини севарди

Май 14, 2025. 07:10 • 2 дақ

49
"Il Sole 24 Ore" газетаси: Бобур ҳаётни, адабиётни, гўзалликни ва ўз ватанини севарди

РИМ, 14 май. Дунё АА/. Италиянинг етакчи "Il Sole 24 Ore" газетасида "Бобур, давлат арбоби, саркарда ва ёзувчи" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда маълум қилинганидек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йил 9 февралда ҳозирги Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида туғилган. Унинг отаси Темурийлар авлодидан бўлган Умаршайх мирзо ва онаси эса мўғулларга мансуб Тошкент ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Қутлуғнигорхоним.

"Бобур чиғатой тилида, яъни эски ўзбек тилида сўзлашган. Лекин у ўша даврда машҳур бўлган форс ва араб тиллари ҳам яхши билган",– деб ёзилган мақолада.

Таъкидланганидек, Бобур узоқ умр кўрмади, 1530 йилда Ҳиндистон шимолидаги Агра шаҳрида 47 ёшида вафот этди.

"Бобур 1511-1512 йилларда бобоси Амир Темур давлатини тиклашга ҳаракат қилди. Бироқ турли сабабларга кўра, унинг бу орзуси амалга ошмади ва Кобулга чекинди. У ердан эса Ҳиндистон сари йўл олди. 1526 йилда Панипат жангида у Лаҳорнинг сўнгги ҳукмдори Иброҳим II ни мағлуб этиб, Ҳиндистонда буюк Бобурийлар сулоласига асос солди", – дейилади материалда.

 Муаллиф ёзганидек, Бобур ҳаётни, адабиётни, гўзалликни ва ўз ватанини севадиган одам эди. Ва энг муҳими, у ёзишни яхши кўрарди. Унинг бизгача етиб келган асарлари, шеърлари, рубойилари ва ғазалларида қайси мавзулар етакчилик қилишини ўқувчилар яхши билади. Шунингдек, у Кобулда дунёдаги энг чиройли боғларни яратди. 

Бобур ўз бошидан ўтказган воқеаларни, кўрган-билганларини, яратган боғлари ва танишган одамлари ҳақидаги маълумотларни ўзининг шоҳ асари – "Бобурнома"да ёзиб қолдирган.

Шунингдек, нашрда "Бобурнома" асари инглиз тилидан италян тилига таржима қилингани катта ютуқ бўлгани қайд этилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш