Кувайтнинг етакчи ОАВда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг ёритилди
Октябрь 05, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 159АЛ-КУВАЙТ, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йил октябрь ойининг дастлабки кунларида Кувайтнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ҳамкорлик истиқболларига бағишланган қатор материаллар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “Al-Anba”, “Al-Jarida” ва “Al-Rai” нашрлари Ўзбекистоннинг Кувайт билан иқтисодиёт, инвестициялар, туризм ва технология соҳаларида шерикликни янада кенгайтиришга интилаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Мақолаларда Кувайтнинг юртимиздаги тараққиёт лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдаги фаол иштироки, хусусан, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармасининг роли ҳамда кувайтлик фуқаролар учун Ўзбекистонда жорий этилган 30 кунлик визасиз режим икки томонлама алоқаларни жадаллаштирувчи муҳим омил сифатида қайд этилди.
“Al-Khaleej” ва “Kuwait News” агентликлари элчихонамиз томонидан мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган расмий қабул маросими, унда Кувайт ҳукумати расмий вакиллари ва дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этганини кенг ёритди.
“The Times Kuwait” газетаси ҳам мазкур санага бағишланган махсус материал эълон қилиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий-инвестициявий шерикликни кенгайтириш, туризм ва замонавий технологиялар соҳасидаги улкан салоҳиятга урғу берди.
Кувайт оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолаларда Ўзбекистон жадал ривожланаётган, хорижий инвестициялар ва кенг ҳамкорлик учун очиқ ҳамда Кувайт билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга интилаётган замонавий давлат сифатида намоён бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



