Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо мамлакатлар билан савдо-иқтисодий жабҳадаги ҳамкорлиги Қирғизистон ОАВ нигоҳида

Ноябрь 06, 2024. 09:41 • 3 дақ

163
Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо мамлакатлар билан савдо-иқтисодий жабҳадаги ҳамкорлиги Қирғизистон ОАВ нигоҳида

БИШКЕК, 6 ноябрь. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг оммабоп "Слово Кыргызстана" газетасида "Ўзбекистон – ТДТ: биргаликда ривожланиш учун янги импульслар" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Нашрда маълум қилинишича, 5-6 ноябрь кунлари Бишкекда сўнгги йилларда туркий давлатларнинг жаҳон миқёсидаги мавқеини юксалтириш ва мустаҳкамлашнинг самарали платформасига айланган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги тўққизинчи саммити бўлиб ўтади.


Таъкидланишича, бугунги кунда ташкилот доирасида иқтисодий интеграция, "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" каби янги транспорт йўлакларини ташкил этиш, бошқа ташаббуслар билан бир қаторда "Digital TIR", e-İzin лойиҳаларини амалга ошириш ва e-CMR тизимини жорий қилиш орқали транспорт жараёнларини рақамлаштиришга қаратилган қўшма чоралар кўрилмоқда.


Шунингдек, кун тартибидан Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини жадаллаштириш, Хизматлар ва инвестициялар соҳасида эркин савдо битимини, Рақамли иқтисодиётда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни илгари суриш ҳамда аъзо-мамлакатлар Марказий банклари кенгашини ташкил этиш масалалари ҳам ўрин олган.


Туркий давлатлар ташкилоти Ўзбекистон учун иштирокчи давлатлар билан икки томонлама муносабатларни фаол ривожлантириш, кўп томонлама ташаббуслар ва йирик лойиҳалар ҳисобига ҳамкорликнинг иқтисодий салоҳиятини ёйиш ва кенгайтириш имконини берадиган платформадир.


Таъкидланишича, 2022 йилда Самарқандда "Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари" шиори остида бўлиб ўтган ТДТ давлатлари раҳбарлари саммити ташкилотга аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мисли кўрилмаган қарорлар қабул қилинди.


Шунингдек ўқинг

Бугунги кунда Ўзбекистон ТДТга аъзо мамлакатлар билан ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда ва бу жараённинг динамикаси алоқаларни кенгайтириш учун кучли қўшимча туртки яратмоқда.


"Келинг, бир нечта рақамларни келтирайлик. Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги кўрсаткичларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. 2023 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3,1 миллиард долларни, жорий йилнинг январь-август ойларида қарийб 2 миллиард долларни ташкил этди. Ўтган йили 1,2 миллиард долларлик турк инвестициялари ўзлаштирилди", – деб ёзади муаллиф.


Ўзбекистонда турк капитали иштирокида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо, транспорт ва логистика, қурилиш, мебель саноати, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларга ихтисослашган 1854 та корхона фаолият юритмоқда. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида 50 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувлар ва "Йўл хариталари" имзоланди.


Мақолада, шунингдек, Ўзбекистонинг ТДТга аъзо бошқа мамлакатлар билан ҳам ҳамкорлигига оид маълумотлар келтирилган.


"Бу барча мамлакатлар ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари томонидан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали тадбиркорлар фаолияти йўлида юзага келаётган муаммоларни биргаликда тезкорлик билан ҳал этиш механизмларидан самарали фойдаланиш, тўсиқлар ва бюрократик муаммоларни бартараф этиш, янги ташаббусларни жорий қилишга қаратилган кенг кўламли ишнинг самарасидир", – дейилган материалда.


"Слово Кыргызстана" газетасида босилган мақола хулосасида, "Туркий давлатлар ташкилотининг бўлажак саммити, шубҳасиз, туркий дунёнинг чексиз имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш учун замин яратади, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга кучли туртки бўлиб хизмат қилади, ҳудудлараро ўзаро ҳамкорлик симбиозини сезиларли даражада мустаҳкамлайди ва ҳар бир томон манфаатларига мутаносиб ёндашувни ҳисобга олган ҳолда ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шериклик доирасида кун тартибидаги барча масалалар бўйича ўзаро мақбул ечимларни топиш имконини беради", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш