Logo

Хива шаҳрида бўлиб ўтган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали Африка ОАВ диққат марказида

Май 02, 2025. 10:56 • 2 дақ

40
Хива шаҳрида бўлиб ўтган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали Африка ОАВ диққат марказида

АР-РИЁЗ, 2 май. /"Дунё" АА/. Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари оммавий ахборот воситалари Хива шаҳрида бўлиб ўтган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалини кенг ёритди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Ахборот агентликлари уюшмаси кўмагида жалб этилган Габон ахборот агентлиги мухбири Надия Шансель Бикет Онанга қаламига мансуб еттитта мақола ИҲТ агентлиги сайтида жойлаштирилди. Ушбу журналистнинг фестиваль ҳақидаги таҳлилий материллари, шунингдек, Габон ахборот агентлиги ва "Gabon Matin" газетасида эълон қилинди.

Журналист Надия Шансель Бикет Онанга Хива шаҳрининг тарихи ва қадимий обидалари ҳақидаги материалларни ҳам эълон қилди.

Бундан ташқари, Марокашнинг "Maghreb Arab Press" ахборот агентлиги ҳам Хива шаҳрида бўлиб ўтган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалига бағишланган туркум мақолаларни ўз ўқувчилари ўртасида тарқатди.

Нашрларда ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш мақсадида 2019 йилдан буён Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилиб келинаётгани таъкидланган.

Маълум қилинганидек, 26-28 апрель кунлари Хивада бўлиб ўтган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ЮНЕСКО ва AYSESKO шафелигида уюштирилди.

Фестивалда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларидан, жумладан, Ўмон, Габон, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Кувайт, Малайзия, Мавритания, Миср, Марокаш, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Венгрия, Озарбайжон, Мўғулистон, Сербия, Беларусь, Франция, Афғонистон, Япония, Буюк Британия, Съерра-Леоне, Швеция, Иордания, Швецария, Судан, Туркия, Болгария, Германия, Саудия Арабистони, Тунис, Словакия, Филиппин, Қатар, Покистон ва Ўзбекистондан 200 нафарга яқин бахшилар иштирок этди.

"Фестиваль доирасида "II Туркий дунё маданияти форуми" ва "Янги Ўзбекистонда бахшичилик санъати: замонавий тадқиқотлар ва истиқболлар" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди", – деб ёзган нашрлар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш