Logo

“The Korea Times”: Ислом цивилизацияси маркази - Асрлар давомида илм-фан ва маданият бешиги бўлган заминга қайтиш йўлини очиб берган маскан

Март 23, 2026. 21:20 • 3 дақ

46
“The Korea Times”: Ислом цивилизацияси маркази - Асрлар давомида илм-фан ва маданият бешиги бўлган заминга қайтиш йўлини очиб берган маскан

ТОШКEНТ, 23 март. /«Дунё» ИА/. Жанубий Кореянинг нуфузли “Тhе Korеа Times” нашрида “Учинчи Ренессанс: Ислом цивилизацияси маркази - Янги Ўзбекистоннинг маънавий ва интеллектуал тараққиёти стратегияси сифатида” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, марказ Ўзбекистоннинг қадимий тарихий мероси, илмий анъаналари ва замонавий ривожланиш йўналишларини ўзида мужассам этган кенг кўламли маданий-маърифий мажмуа сифатида баҳоланади. Ушбу лойиҳа мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ва ислом цивилизациясининг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилиши таъкидланган.

Мақолада марказ Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус асосида шакллантирилган бўлиб, унинг концепцияси Ўзбекистоннинг “Учинчи Ренессанс” ғояси билан чамбарчас боғлиқ эканлигига алоҳида урғу берилади. Ушбу ёндашув тарихий илмий меросни қайта тиклаш ва уни замонавий илм-фан ҳамда таълим тизими билан уйғунлаштиришни назарда тутади.

“Тhе Korеа Times” материалида марказ оддий музей эмас, балки илмий-тадқиқот, таълим ва халқаро ҳамкорликни бирлаштирган кўп функцияли платформа сифатида тавсифланади. Мажмуа таркибида замонавий технологиялар асосида ишлайдиган интерактив экспозициялар, рақамли тизимлар ва мультимедиа ечимлари жорий этилгани қайд этилган.

Таъкидланишича, марказ ҳудуди тахминан 10 гектарни ташкил этади ва унинг меъморий ечими анъанавий ҳамда замонавий услубларнинг уйғунлигини ифодалайди. Комплекс таркибида 65 метр баландликдаги мовий гумбаз, тўрт рамзий дарвоза ва турли ҳудудларни ифодаловчи меъморий элементлар мавжуд бўлиб, улар мамлакатнинг бирлик ва яхлитлигини ифодалайди. Шунингдек, бинонинг ташқи ва ички безакларида Темурийлар даври анъаналари замонавий дизайн билан уйғунлашган.

Материалда марказнинг ички мазмуни ҳам батафсил ёритилган. Экспозицияларда минглаб ноёб артефактлар, қадимий қўлёзмалар ва тарихий экспонатлар намойиш этилиши кўзда тутилган бўлиб, улар Марказий Осиёнинг жаҳон илм-фани ва ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини акс эттиради. Шу билан бирга, ташриф буюрувчиларга виртуал реаллик, сунъий интеллект ва мультимедиа технологиялари асосида интерактив тажриба тақдим этилади.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, марказ таркибида “Цивилизациялар девори” каби инновацион экспозициялар мавжуд бўлиб, унда инсон тафаккурининг тарихий ривожланиши намойиш этилади. “Вақт капсуласи” эса ташриф буюрувчиларга келажак авлодларга мурожаат қолдириш имконини беради. Болалар учун эса “1001 ихтиро” лабораторияси ташкил этилган бўлиб, у ёш авлоднинг илм-фанга қизиқишини оширишга хизмат қилади.

Марказнинг яна бир муҳим таркибий қисми - 1 миллиондан ортиқ китобни ўз ичига олган кутубхона бўлиб, у уни минтақадаги йирик илмий-маърифий платформалардан бирига айлантиради.

Нашрда қайд этилишича, лойиҳа амалга оширилишида 40 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан зиёд мутахассис ва тадқиқотчилар иштирок этган бўлиб, бу марказнинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини янада оширади. Шу билан бирга, марказ халқаро ташкилотлар ва илмий доиралар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда.

Нашр Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликка ҳам алоҳида тўхталиб, визасиз режим жорий этилиши ва алоқаларнинг фаоллашуви натижасида сайёҳлар оқими сезиларли ошганини қайд этади.

Умуман олганда, “The Korea Times” материалида Ислом цивилизацияси маркази нафақат миллий лойиҳа, балки глобал маданий, илмий ва интеллектуал ҳамкорлик учун муҳим платформа сифатида баҳоланиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш