Габон ОАВ: Ўзбекистон хавфсиз ва меҳмондўст сайёҳлик йўналиши сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда
Март 24, 2026. 17:34 • 3 дақ
• 190
ЛИБРЕВИЛЬ, 24 март. /“Дунё” АА/. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон туризм соҳасида ишончли ва жадал ўсишни намойиш этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Габоннинг “AGP” ахборот агентлигига таяниб.
“AGP”да ёзилишича, 2025 йилда мамлакатимизга қарийб 12 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу ўтган йилга нисбатан 16 фоизга кўп. Туризм хизматлари экспорти 4,8 миллиард АҚШ долларидан ошган. Бундай рақамлар Ўзбекистонга халқаро қизиқиш тобора ортиб бораётгани, унинг минтақадаги энг истиқболли сайёҳлик йўналишларидан бири сифатидаги мавқеи мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
“Бундай натижаларга инфратузилмани яхшилаш, транспорт қулайлигини ривожлантириш, хизматларни рақамлаштириш ва саёҳатчилар учун қулай шароитлар яратишга қаратилган туризм соҳасидаги изчил ислоҳотлар туфайли эришилди. Ўзбекистонда туризм кластерларини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда”, дея таъкидлаган Марказий Африкада жойлашган давлатининг ахборот агентлиги.
Агентликнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда чет эл фуқаролари учун мамлакатга киришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Ҳозирги вақтда 94 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим, 52 мамлакат учун электрон виза, 45 мамлакат учун беш кунлик транзит визасиз кириш режими ўрнатилган.
Дунёнинг қатор минтақаларидаги геосиёсий беқарорлик шароитида сайёҳларнинг хавфсизлиги ва қулайлиги омили тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон миллати ва динидан қатъий назар, барча меҳмонлар учун очиқ бўлган барқарор, хавфсиз ва меҳмондўст давлат мақомини сақлаб қолади. Ҳурмат, бағрикенглик ва самимий меҳмондўстлик анъаналари ўзбек халқи маданиятининг ажралмас қисмидир.
Халқаро рейтинглар мамлакатда хавфсизлик даражаси юқори эканини таъкидлайди. Ўзбекистон сўнгги йилларда глобал хавфсизлик индексларида ҳам етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. “International SOS Risk Map” маълумотларига кўра, мамлакат хавф даражаси паст (Low Risk) тоифасига киритилган. Бу эса, уни умумий хавфсизлик даражаси бўйича қатор Европа давлатлари билан бир қаторга қўяди.
“Numbeo Safety Index” маълумотларига кўра, Ўзбекистон жиноятчиликнинг барқарор паст даражасини кўрсатиб, дунёнинг 148 мамлакати орасида 25-ўринни эгаллади. “Solo Female Travel Safety Index” ва “Safety Perceptions Index” рейтингларида мамлакат аёлларнинг мустақил саёҳатлари учун хавфсизлик даражаси бўйича дунёда 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, “Gallup Global Law and Order Index” индекси бўйича Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботга ишонч даражаси бўйича жаҳон етакчилари қаторига киради.
Бугунги кунда Ўзбекистон сайёҳларга нафақат Буюк Ипак йўлининг бой маданий-тарихий меросини, балки замонавий инфратузилма, қулай шароитлар ва очиқлик муҳитини ҳам таклиф этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси