“Sada El Balad” АА: Ўзбекистон спортни маданий дипломатиянинг самарали воситасига айлантирмоқда
Август 25, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 127
ҚОҲИРА, 25 август. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Sada El Balad” ахборот агентлигида Ўзбекистоннинг спортни маданий дипломатия ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг самарали воситаси сифатида қўллаш тажрибасига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, йирик халқаро спорт тадбирлари мамлакатларга нафақат ютуқларни намойиш этиш, балки ўз тарихи, маданияти ва миллий ўзига хослигини халқаро жамоатчиликка кенг танитиш имконини ҳам беради.
Материалда 2014 йилдан буён анъанавий спорт турлари, маданий мерос ва цивилизациялараро мулоқотни ўзида мужассам этиб келаётган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига алоҳида эътибор қаратилган. Унда от спорти мусобақалари, миллий кураш ва анъанавий ўйинлар халқларнинг бой маданий меросини намоён этувчи муҳим йўналишлар сифатида қайд этилган.
Шунингдек, мақолада Марказий Осиёнинг тарихан цивилизациялар чорраҳасида жойлашгани таъкидланиб, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш ва халқаро туристик алоқаларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиши ёзилган.
Бундан ташқари, спортчилар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ва сайёҳларнинг ташрифи хизматлар соҳаси, миллий маданиятни тарғиб қилиш, туризм ҳамда креатив индустрияни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланган.
Мақола якунида спорт ва маданият турли жамиятлар ўртасида мулоқот ва ўзаро ҳурматни кучайтириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси