JICA гранти лойиҳаси доирасида Ўзбекистон тарихи давлат музейига ускуналар топширилди

Август 25, 2026. 11:30 • 2 дақ

81
JICA гранти лойиҳаси доирасида Ўзбекистон тарихи давлат музейига ускуналар топширилди

АР-РИЁЗ, 25 август. /“Дунё” АА/. Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Радио ва телевидение иттифоқи (Union of Radio and Television of the OIC) сайтида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан Ўзбекистонга тақдим этилган грант лойиҳаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, JICA ва Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги “Буюк Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали асраш” лойиҳаси доирасида музейлар учун зарур ускуналарни топшириш маросимини ўтказган.

Лойиҳа мамлакатнинг маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва асраш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган. Ташаббус доирасида Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда Термиз археология музейи маданий ва археологик аҳамиятга эга коллекцияларни архивлаш учун зарур ускуналар билан таъминланди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон тарихи давлат музейи мамлакатдаги етакчи музейлардан бири бўлиб, унда 340 мингга яқин экспонат, жумладан, буддавийлик тарихига оид археологик топилмалар сақланади. Музей экспозициясида Марказий Осиё цивилизацияларининг тош давридан бошлаб ривожланишини акс эттирувчи археологик, тарихий ва этнографик материаллар намойиш этилган.

Лойиҳа доирасида муассасаларга компьютер ускуналари, сканерлар, фотокамералар ва тақдимот техникалари топширилди. Шунингдек, мутахассисларга тегишли маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

Мақолада қайд этилишича, маданий ва тарихий меросни рақамлаштириш уни узоқ муддат сақлаш имконини беради. Рақамлаштирилган материалларни веб-сайтларга жойлаштириш эса маҳаллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг ушбу ноёб меросдан баҳраманд бўлиш имкониятларини кенгайтиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш