Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс даври рамзига айланди
Сентябрь 27, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 103
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 27 сентябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Индустрия туризма и культуры” журналида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган, 65 метрли мовий гумбазга эга, 10 гектарлик мажмуа Учинчи Ренессанс даврининг рамзига айланган.
Бинонинг меъморчилиги Темурийлар даври меъморчилик анъаналари ва замонавий технологик ечимларни ўзида мужассам этган. ЮНЕСКО томонидан “Жаҳон хотираси” халқаро реестрига киритилган VII асрга оид Усмон Қуръони қўлёзмаси экспозициянинг асосий хазинасидир.
Нашрда исломгача бўлган даврдан Янги Ўзбекистонгача бўлган тарихий даврларни қамраб олган “Цивилизация–Шахслар–Кашфиётлар” музей концепцияси батафсил ёритилган. Ўқувчилар эътиборига марказнинг асосий инновациялари – интерактив “Цивилизациялар девори”, VR ва AR технологиялари, сунъий интеллект, “1001 ихтиро” болалар лабораторияси ҳавола қилинган.
Халқаро ҳамкорлик ва илмий инфратузилмага алоҳида урғу берилган. Жаҳон аукцион уйлари, хусусий коллекционерлар ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) билан тизимли ишлаш натижасида мингдан ортиқ ноёб осори-атиқалар ва қўлёзмалар ватанга қайтарилди.
Журналда таъкидланганидек, лойиҳанинг юқори халқаро эътирофи натижасида Ислом цивилизацияси маркази “Prix Versailles” халқаро мукофоти талқинига кўра, “2026 йилнинг энг гўзал музейлари” рўйхатига киритилди. Ушбу ютуқ “Smithsonian Magazine”, “BBC Travel”, “National Geographic” каби нуфузли жаҳон нашрларида кенг ёритилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси