Брюсселда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди
Сентябрь 26, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 112
БРЮССЕЛЬ, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бельгия пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Бенилюкс ва Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатлари вакиллари, дипломатлар, етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари, минтақада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари иштирок этди.
Бенилюкс мамлакатлари, ЕИ, НАТО ва хорижий дипломатик ваколатхоналар вакиллари Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади.
Меҳмонларга Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва инвестициявий салоҳияти ўсиб бораётгани ҳақида маълумот берилди.
Таълим, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, одил судлов, соғлиқни сақлаш ва экологик барқарорлик соҳаларидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил октябрь ойида Брюсселга амалга оширган ташрифига алоҳида аҳамият қаратилди. Унинг якунлари бўйича ЕИ раҳбарияти билан муҳим келишувларга эришилди ва Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитининг натижалари ва томонлар ўртасидаги стратегик шерикликнинг янада ривожланиши эътироф этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистоннинг ЕИ ва Бенилюкс давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Меҳмонлар мустақиллик йилларида мамлакат тараққиёти натижаларини, хусусан, сўнгги ўн йилликдаги кенг кўламли ислоҳотларни, очиқ ташқи сиёсат ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликдаги фаол иштирокини эътироф этди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва замонавий қиёфасига бағишланган фотокўргазма, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари экспозицияси намойиш этилди.
“Solvay” халқаро компанияси вакили Сергей Морозов Ўзбекистонга мунтазам ташриф буюриши, ҳар сафар янги лойиҳалар, ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини кўришини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, тоғ-кон, металлургия ва кимё тармоқларини модернизация қилиш, янги технологияларни жорий этиш ва саноатни ривожлантириш халқаро компанияларнинг Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорлиги учун имкониятлар яратади.
“Тошкентдаги янги лойиҳалар, Янги Тошкент қурилиши ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мамлакатнинг бой тарихий ва маданий меросини ўзида намоён этувчи Ислом цивилизацияси маркази менда катта таассурот қолдирди”, – деди Сергей Морозов.
“Buscardini Communications” ва “Travel Tomorrow” асосчиси, “Brussels Press Club” раҳбари, Ўзбекистоннинг туризм бўйича фахрий элчиси Антонио Бускардини мустақиллик тадбирида иштирок этиш ўзи учун катта шараф эканини таъкидлади.
“Бу учрашув Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, анъанавий меҳмондўстлиги ва унинг Европа билан тобора фаоллашиб бораётган ҳамкорлигининг ёрқин ифодаси бўлди”, – деди у.
Бускардинининг сўзларига кўра, у Ўзбекистоннинг туризм бўйича фахрий элчиси сифатида мамлакатни европалик сайёҳлар орасида тарғиб қилиш, унинг маданий мероси, сайёҳлик салоҳияти ва меҳмондўстлик анъаналарига бўлган қизиқишни оширишга кўмаклашиш ниятида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси