Исроиллик таҳлилчи: C5+Корея саммитида Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ОАВ диққат марказида бўлди

Сентябрь 26, 2026. 17:30 • 4 дақ

• 144
Исроиллик таҳлилчи: C5+Корея саммитида Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ОАВ диққат марказида бўлди
Исроиллик таҳлилчи: C5+Корея саммитида Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ОАВ диққат марказида бўлди
Исроиллик таҳлилчи: C5+Корея саммитида Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ОАВ диққат марказида бўлди

ТЕЛЬ-АВИВ, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Исроилдаги Ахборот хуружларини тадқиқ қилиш институти сайти бош муҳаррири Юрий Бочаров C5+Корея саммитида Ўзбекистоннинг иштироки бўйича хорижий ОАВнинг муносабатига бағишлаб мақола тайёрлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси кўмагида тайёрланган шарҳда 16 сентябрь куни Сеулда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммитининг ОАВда ёритилиши, хорижий матбуотнинг Ўзбекистон ташаббуслари ва унинг янги ҳамкорлик форматидаги ролига эътибор қаратилган.

Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари учрашувнинг асосий натижаларидан бири сифатида аввалги маслаҳатлашув формати давлат раҳбарлари даражасидаги доимий ҳамкорлик механизмига айлантирилганини таъкидлади.

Сеул декларациясига кўра, саммитлар ҳар икки йилда бир марта ўтказилади, учрашувлар оралиғида эришилган келишувлар ижросини эса вазирлар ва юқори мансабдор шахслар назорат қилади.

“The Korea Times” нашри Сеул декларациясини Жанубий Кореянинг Марказий Осиё билан келгуси 30 йиллик муносабатлари дастури сифатида тақдим этди. Кейинги саммитни 2028 йилда Қозоғистонда ўтказиш режалаштирилган.

Жанубий Корея матбуоти иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделига ўтилганини таъкидлади. Гап нафақат Корея автомобиллари, ускуналари ва тайёр маҳсулотлари эвазига Марказий Осиё хомашёсини етказиб бериш, балки геология-қидирув ишлари ва муҳим минералларни қазиб олишдан тортиб, уларни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратиш ҳақида бормоқда.

Материалда Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимиз Жанубий Корея билан алоҳида стратегик шерик мақомига эга бўлган Марказий Осиёдаги ягона давлат эканини таъкидлади.

“Asia Business Daily” нашрининг хабар беришича, Корея Республикаси ҳукумати Ўзбекистонни Жанубий Корея компанияларининг Марказий Осиё бозорига, хусусан, муҳим минераллар, сунъий интеллект ва биотехнологиялар соҳаларига кириши учун эҳтимолий таянч майдон сифатида кўрмоқда.

Материалда Ўзбекистонда Жанубий Корея капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ корхона, Жанубий Корея университетларининг тўртта филиали ва KOICA кўмагида ташкил этилган бешта касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолият юритаётгани қайд этилган.

Шунингдек ўқинг

“Euronews” муҳим минераллар бўйича Минтақавий инвестиция альянсини яратиш таклифига эътибор қаратди. Унинг доирасида геология-қидирув, қазиб олиш, чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бирлаштириш кўзда тутилган.

Мақолада Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Жанубий Кореянинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга бориб 20 миллиард долларга етказиш мақсади алоҳида таъкидланган.

“Interfax” ахборот агентлиги Ўзбекистон томони таклиф этган бешта йўналишни алоҳида кўриб чиқди: узоқ муддатли режалаштириш, саноат кооперацияси, муҳим минераллар, иқлим бўйича ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида имзоланган 13 та битим, меморандум ва шартнома икки томонлама келишувларнинг амалий асосини ташкил этди.

Ҳужжатлар яна саккизта тезюрар поезд етказиб беришни ишлаб чиқиш, миллий геном ва биобанк марказини ташкил этиш, саноатга сунъий интеллектни жорий этиш, муҳим минераллар, биотехнологиялар, фармацевтика, ақлли шаҳарлар ва ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳаларида ҳамкорлик қилишни назарда тутади.

Қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Жанубий Корея Эксимбанки Корея компаниялари учун муҳим минераллар, маълумотлар марказлари, фармацевтика ва саноат зоналарини ўз ичига олган олтита стратегик сектордаги лойиҳаларни излаш ва молиялаштиришда иштирок этиши кутилмоқда.

Мақолада таъкидланишича, 12 миллиард доллар аллақачон киритилган инвестициялар эмас, балки истиқболли портфель ҳажми ҳисобланади. Имзоланган ҳужжатларнинг аксарияти доиравий хусусиятга эга, айрим лойиҳалар эса ҳали техник-иқтисодий асослашдан ўтиши керак.

Муаллифнинг баҳолашича, саммитнинг халқаро даражада ёритилиши шуни кўрсатдики, Ўзбекистон хорижий ОАВ томонидан нафақат учрашувнинг бешта иштирокчисидан бири, балки инвестициялар, саноат кооперацияси, муҳим минераллар, технологиялар ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида аниқ ташаббусларни таклиф этувчи мамлакат сифатида ҳам тақдим этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш