Миср матбуоти: Ўзбекистонда хусусий сектор ва хорижий инвестициялар учун янги имкониятлар яратилмоқда

Октябрь 01, 2026. 14:00 • 2 дақ

• 149
Миср матбуоти: Ўзбекистонда хусусий сектор ва хорижий инвестициялар учун янги имкониятлар яратилмоқда

ҚОҲИРА, 1 октябрь. /“Дунё” АА/. Миср оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ҳамда Президентнинг Хива шаҳрида тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгиланган устувор вазифаларга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “Al-Awsat” халқаро ахборот агентлигида Ўзбекистоннинг халқаро бизнес ҳамжамияти, хорижий инвесторлар ва трансмиллий компаниялар учун барқарор, ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатидаги мавқеи мустаҳкамланаётгани таъкидланган.

Муаллиф Хивадаги очиқ мулоқотни мамлакатда бизнес муҳитини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим натижаларини намоён этган ва келгуси ривожланиш йўналишларини белгилаб берган муҳим платформа сифатида баҳолаган.

Мақолада сўнгги йилларда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бизнес субъектлари сони икки баробарга яқин ошиб, 530 мингдан ошгани, хусусий секторда 2,4 миллионта доимий иш ўрни яратилгани ҳамда экспорт ҳажми рекорд кўрсаткичларга етгани қайд этилган. Бу натижалар мамлакатда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар шаклланаётганининг муҳим кўрсаткичлари сифатида келтирилган.

Шунингдек ўқинг

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси имкониятларининг кенгайтирилиши, кредит линияларини кафолатлаш учун қўшимча 100 миллион доллар ажратилиши, юқори ўсиш салоҳиятига эга компанияларга 10 миллиард сўмгача грант ва имтиёзли молиялаштириш имкониятларининг яратилиши инвесторлар учун муҳим рағбат сифатида қайд этилган.

Қўшма корхоналар маҳсулотларини халқаро электрон савдо платформаларига олиб чиқиш харажатларининг 50 фоизигача давлат томонидан қопланиши ҳам экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

“Al-Khabar Al-Youm” нашрида ёритилган мақолада Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, солиқ қонунчилиги барқарорлигини мустаҳкамлаш, тадбиркорларга нисбатан маъмурий босимни камайтириш ва давлат органларининг бизнес фаолиятига ноқонуний аралашуви учун жавобгарликни кучайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Материалда Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш йўналишидаги сиёсатига алоҳида урғу берилган. Энергия тежовчи технологиялар ва қуёш энергетикасига инвестициялар учун солиқ ва бошқа имтиёзларнинг жорий этилиши мамлакатнинг халқаро экологик стандартларга мослашишида муҳим қадам сифатида кўрсатилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш