Минскда “Миллат Шавкати” китоби тақдимоти ўтказилди
Октябрь 01, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 98
МИНСК, 1 октябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг етакчи ОАВ вакиллари учун Ўзбекистон Президентининг жорий йил 8–9 июль кунлари Минскка расмий ташрифи якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, брифингда “Минск-Новости”, “Минская правда”, “Беларусь Сегодня”, “БелТА”, “МИР”, “СТВ”, “Столица” каби етакчи ОАВ вакиллари иштирок этди.
Журналистлар ташриф доирасида Ўзбекистон–Беларусь ўртасида амалга оширилган асосий келишувлар, стратегик шериклик йўналишлари билан таништирилди.
Учрашув давомида Олий Мажлис Сенати аъзоси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Миллат Шавкати” китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу нашрда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва икки томонлама муносабатларнинг ривожланиши ҳақида фикрлар юритилгани таъкидланди.
Беларусь вакиллари икки мамлакат ўртасидаги алоқалар фаоллашгани ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Тадбир якунида ахборот алмашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий воқеаларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси