“Pakistan In the World”: Ўзбекистон ТДТга аъзо бўлгандан буён 100дан ортиқ муҳим ташаббусни илгари сурди

Май 18, 2026. 11:25 • 3 дақ

198
“Pakistan In the World”: Ўзбекистон ТДТга аъзо бўлгандан буён 100дан ортиқ муҳим ташаббусни илгари сурди

ИСЛОМОБОД, 18 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan In the World” газетасида “Ўзбекистон ва ТДТ: инвестициявий ҳамкорликнинг янги ўсиш нуқталари ва устувор лойиҳалар” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“2019 йилда Ўзбекистон Нахичевань келишувини ратификация қилиб, расман Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) тўлақонли аъзо бўлди. Ўзбекистон мазкур тузилмага қўшилганидан буён 116 та аниқ ташаббусни илгари сурди, уларнинг ярмидан кўпи аллақачон муваффақиятли амалга оширилди”, – дейилади мақолада.

Қайд этилишича, ушбу йўналишнинг иқтисодий самараси рақамларда ҳам ўз тасдиғини топмоқда: 2025 йил якунларига кўра, ТДТ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 9,6 фоизга ошиб, 10,8 миллиард долларни ташкил этди. Инвестициявий ҳамкорлик ҳам барқарор ўсишни намоён этмоқда. 2026 йил бошига келиб, ташкилотга аъзо давлатлар капитали иштирокидаги 4 352 та корхона фаолият юритмоқда.

“Туркия Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори ҳисобланади ва икки давлат ўртасидаги муносабатлар 2017 йилда расман стратегик шериклик даражасига олиб чиқилган, – дея таъкидланган материалда. – Қозоғистон Ташкилот доирасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори сифатида намоён бўлмоқда. 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 11,4 фоизга ўсиб, қарийб 5 миллиард долларга етди. Республикада қозоқ капитали иштирокидаги 1 212 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда”.

Покистон ОАВ таъкидига кўра, Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан иқтисодий муносабатлар динамикаси товар айирбошлашнинг энг юқори ўсиш суръатлари билан ажралиб турибди. 2025 йилда мазкур кўрсаткич 37,1 фоизга ошиб, 1,199 миллиард долларга етди. Томонлар ҳар томонлама стратегик шериклик форматига асос солдилар, бу эса қўшма корхоналар сонининг 346 тагача кўпайишига хизмат қилди.

Шунингдек ўқинг

Мақолада Ўзбекистоннинг ТДТ доирасида Озарбайжон билан ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилган. Қайд этилганидек, 2024 йилда иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги фундаментал шартнома имзоланиб, икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичини очди. 2025 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 14,6 фоизга ошиб, 307,3 миллион долларни ташкил қилди. Инвестиция соҳасида озарбайжон капитали иштирокидаги 367 та корхона фаол фаолият юритмоқда. Логистика соҳасидаги шериклик ҳам мустаҳкамланмоқда: 2025 йилда юк ташишнинг умумий ҳажми 28,3 фоизга ошди, пойтахтлар ўртасида мунтазам авиақатновлар эса ҳафтасига 14 та рейс билан таъминланмоқда.

Туркманистон ташкилот фаолиятида кузатувчи мақомида иштирок этса-да, муҳим ҳамкорлардан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,203 миллиард долларга етди. Шават–Дашоғуз чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши товар алмашинувини соддалаштириш йўлидаги амалий қадам бўлди.

Венгрия ҳам кузатувчи мақомига эга бўлиб, Ўзбекистон билан юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. 2025 йилда ўзаро савдо ҳажми 41,7 фоизга ошиб, 117,4 миллион долларни ташкил қилди. Республикада венгр капитали иштирокидаги 20 та корхона фаолият юритаётган бўлса-да, улар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар катта кўламга эга.

“Ташаббусларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ва иқтисодий кўрсаткичларнинг барқарор ўсиши Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўз миллий манфаатларини илгари суришнинг самарали механизмини топганини тасдиқламоқда”, – деб ёзилган мақола сўнггида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш