Logo

"Караван Инфо" АА: Ўзбекистонда ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг янгича тизими яратилмоқда

Ноябрь 27, 2025. 10:24 • 2 дақ

136
"Караван Инфо" АА: Ўзбекистонда ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг янгича тизими яратилмоқда

МОСКВА, 27 ноябрь. /"Дунё" АА/. Россиянинг нуфузли "Караван Инфо" ахборот агентлигида Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя кўрсатиш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада қайт этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшлар дафтари" жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони имзоланган.

Мазкур ҳужжатда бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан, 16 минг нафар "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш, 30 минг нафар "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ҳукумат томонидан "Мутолаа" лойиҳаси доирасида илмий-оммабоп, бадиий китобларни мунтазам ўқиб борувчи ёшларнинг улушини 10 фоизга ошириш, "Ёшлар дафтари"га киритилган 100 минг нафар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда "Ибрат фарзандлари" лойиҳаси доирасида хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар улушини 30 фоизга кўтариш мақсад қилинган.

"2026 йил 1 февралдан бошлаб кам таъминланган оилалар реестрига киритилган ёшлар давлат билан қўшимча молиявий ёрдам ва имтиёзларни назарда тутувчи ижтимоий шартномалар тузиши мумкин. Бунинг учун таълим олишни узлуксиз равишда амалга ошириб бориши, таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиши, тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш асосида фаолиятини йўлга қўйиши ёки хорижий тилларни ўзлаштириш бўйича камида B1 даражасига эришиши керак", – дея маълумот берилган "Караван Инфо" АА мақоласида.

Шунингдек мақолада таъкидланишича, мазкур ҳужжатга кўра, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилади ҳамда ушбу мақсад учун субсидия ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда ҳарбий хизмат билан боғлиқ харажатлар Мудофаа вазирлигининг "Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари" махсус ҳисобварағидан амалга оширилади ҳамда ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш