“London Post”: 25–27 ноябрь кунлари “CAEx Uzbekistan” кўргазмалар марказида 31-“Ипак йўлида туризм – TITF 2026” ярмаркаси бўлиб ўтади
Ноябрь 21, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 80
ЛОНДОН, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг “London Post” онлайн нашрида бўлажак Тошкент халқаро туризм ярмаркасига бағишланган “Барча йўллар Тошкентга олиб боради” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, 25–27 ноябрь кунлари “CAEx Uzbekistan” кўргазмалар марказида 31-“Ипак йўлида туризм – TITF 2026” ярмаркаси бўлиб ўтади. Унда Озарбайжон, Беларусь, Вьетнам, Германия, Ҳиндистон, Малайзия, Мальдив ороллари, Нидерландия, Таиланд, Туркия ва Чехия каби давлатлардан компаниялар иштирок этишини тасдиқлаган.
Тадбир Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Қўмита ҳузуридаги Миллий PR-марказ ва “Iteca Exhibitions” компанияси томонидан БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UN Tourism) иштирокида ташкил этилмоқда. Нашр TITF ярмаркасини Марказий Осиё туризм соҳасидаги энг муҳим воқеалардан бири ҳамда давлат, бизнес ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги мулоқот майдони сифатида таърифлайди.
Жорий йилги тадбирнинг марказий воқеаси Халқаро туризм инвестиция форуми бўлади. Унда соҳа вакиллари, инвесторлар ва ҳамкорлар туризм йўналишидаги инвестициявий лойиҳалар ҳамда ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қиладилар.
Ярмаркада янги йўналиш ва маршрутлар, туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхона ва курортларнинг махсус таклифлари, санаторий-курорт ва соғломлаштириш дам олиш масканлари, экологик ва гастрономик туризм, шунингдек, саёҳатчилар учун рақамли хизматлар намойиш этилади. Дастурдан давлатлар ва ҳудудлар тақдимотлари, B2B учрашувлар, экспертлар иштирокидаги панель муҳокамалари, ҳунармандчилик кўргазмаси ҳамда миллий таомларнинг гастрономик тақдимотлари ўрин олган.
Нашрда таъкидланишича, ушбу ярмарка мутахассисларга турли мамлакатларнинг миллий туризм ташкилотлари ва компаниялари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, саёҳатчиларга эса уч кун давомида ўнлаб йўналишлар билан танишиш ҳамда туроператор ва авиакомпаниялар таклифларини ўзаро солиштириш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси