Ўзбекистон–Германия ўртасида касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга бағишланган форум ўтказилди

Май 17, 2026. 10:30 • 2 дақ

46
Ўзбекистон–Германия ўртасида касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга бағишланган форум ўтказилди

БЕРЛИН, 17 май /“Дунё” АА/. Германиянинг немис ва рус тилларида чоп этиладиган “Земляки” журналида “Ўзбекистон – Германия” дуал ва касбий таълим форумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи Татьяна Хеккернинг ёзишича, “Рақобатбардош ва малакали мутахассислар” мавзусидаги ушбу форум Ўзбекистон элчихонаси, Касбий таълим агентлиги ва Миграция агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган. Форумда касбий таълим, меҳнат бозори учун кадрлар тайёрлаш ва тартибли меҳнат миграцияси соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, форумда Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Хусанов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, немис иш берувчилари, рекрутинг ташкилотлари, Тюрингия федерал ери вазири Катарина Шенк, Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги ҳамда тармоқ тузилмалари вакиллари иштирок этган.

Манбага кўра, анжуман давомида Ўзбекистонда Германия дуал таълим тизими унсурларини кенг жорий этиш, касбий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш масалаларида фикр алмашилган.

Мақолада элчи Дилшод Ахатов таълим соҳасидаги ўзбек-немис ҳамкорлиги сўнгги йилларда ҳар жиҳатдан ривожланиб бораётганини таъкидлаган. Шунингдек, касбий таълимда қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланаётгани қайд этилган.

Шунингдек ўқинг

Немис журналисти форум доирасида тиббиёт кадрларини тайёрлаш масаласига ҳам эътибор қаратган. Унинг таъкидлашича, “Globogate Concept AG” компанияси дастурлари ҳамда Аахен ва Росток университет клиникалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Немис тиббиёт академияси” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда ёш мутахассислар немис тили, ихтисослик фанлари ва Германия клиникалари талаблари бўйича тайёргарликдан ўтмоқда.

Муаллифнинг ёзишича, форум иштирокчилари касбий таълим тизимини модернизация қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий таълим технологияларини жорий этиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.

“Форум якунлари бўйича икки мамлакат таълим муассасалари ва тармоқ ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлар имзоланди”, – дея хулоса қилади немис журналисти.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш