“The Gulf Observer”: Ўзбекистон ва Озарбайжон халқаро майдонда экология соҳасида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда

Май 16, 2026. 16:30 • 2 дақ

91
“The Gulf Observer”: Ўзбекистон ва Озарбайжон халқаро майдонда экология соҳасида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда

ИСЛОМОБОД, 16 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Gulf Observer” электрон нашри “Ўзбекистон ва Озарбайжон: экология соҳасида стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи” сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Ушбу ҳамкорлик икки томонлама ташаббуслар билан бир қаторда халқаро майдонлардаги фаол ҳамкорликни ҳам қамраб олмоқда.

Нашрда ҳамкорликнинг асосини 2008 йил 11 сентябрь куни Боку шаҳрида имзоланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим ташкил этиши қайд этилган.

“Иқлим форумлари доирасидаги алоқалар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жумладан, COP28 доирасида икки давлат вакиллари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти минтақасида барқарор ва ресурс тежамкор иқтисодиётга ўтиш масалаларини муҳокама қилди. Кейинчалик ушбу мулоқот Найробида бўлиб ўтган БМТнинг Атроф-муҳит бўйича ассамблеяси доирасида давом эттирилди ҳамда унда Бокуда ўтган COP28 саммитига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”, – дейилган материалда.

Шунингдек ўқинг

 Покистон электрон нашри маълум қилганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон Осиё тараққиёт банки ҳамда “Яшил” иқлим жамғармаси кўмагида амалга оширилаётган “Glaciers to Farms” минтақавий дастурига қўшилди. Мазкур дастур музликларнинг эриши шароитида қишлоқ хўжалиги ва инфратузилманинг барқарорлигини ошириш учун 3,5 миллиард доллар маблағни сафарбар этишни назарда тутади.

Келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари қатор йўналишларни ўз ичига олади. Жумладан, ҳаво сифати мониторинги ва “яшил” шаҳарсозликни ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) базасида илмий тадқиқотларни кенгайтириш, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилмоқда.

“Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экологик ҳамкорлик барқарор ривожланиб бормоқда ва иқлим кун тартиби, илмий тадқиқотлар, ёшлар ташаббуслари ҳамда халқаро кооперациядан тортиб кенг қамровли йўналишларни қамраб олмоқда”, – дея урғуланган “The Gulf Observer” мақоласи якунида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш