Logo

Покистон ОАВ: Термиз нафақат транспорт ва савдо алоқалари нуқтаси, балки гуманитар ва таълим соҳаларида ҳам фаол халқаро марказга айланмоқда

Май 14, 2025. 11:14 • 4 дақ

82
Покистон ОАВ: Термиз нафақат транспорт ва савдо алоқалари нуқтаси, балки гуманитар ва таълим соҳаларида ҳам фаол халқаро марказга айланмоқда

ИСЛОМОБОД, 14 май. /"Дунё" АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий маданий-гуманитар ва халқаро доирадаги ҳаётига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, "Independent News Pakistan – iNP" ахборот агентлиги, "Pakistan in the World" журнали, "Daily Ittehad", "Daily Spokesman" ва "Daily Big Digit" газеталари, "The AZB", "The Gulf Observer", "JeeVey Pakistan", "The Europe Today" ва "World News" онлайн платформаларида Термиз шаҳрининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва ўзаро боғлиқликни таъминлашдаги ўрнига бағишланган "Термиз платформаси – Марказий ва Жанубий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича мулоқот майдони"сарлавҳали таҳлилий мақолалар эълон қилинди.

Уларда мамлакатимизнинг мазкур стратегик ҳудуд орқали илгари сурилаётган минтақавий боғлиқлик ва барқарорлик ташаббусларига холис баҳо берилган.

Жумладан, Термиз шаҳрининг тарихий, геосиёсий ва логистика жиҳатдан ноёб мавқеи, унинг Афғонистон орқали Жанубий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашдаги роли, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлашдаги муҳим функциялари қайд этилган.

Покистон ОАВ таъкидига кўра, Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган минтақавий ҳамкорлик стратегияси, жумладан, 2021 йилда Тошкентда ўтказилган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар" халқаро конференцияси ва унинг асосида БМТда қабул қилинган махсус резолюция – минтақа давлатлари ўртасидаги сиёсий ишончни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Термиз шаҳри бу жараёнда алоҳида аҳамиятга эга стратегик ҳудуд сифатида кўрсатилмоқда. Мақолада таъкидланганидек, бугунги кунда Термиз нафақат транспорт ва савдо алоқалари маркази, балки гуманитар ва таълим соҳаларида ҳам фаол ривожланиш марказига айланмоқда.

Нашрларда айни пайтда амалга оширилаётган "Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар" темир йўли ва "Сурхон – Пули-Хумри" электр узатиш лойиҳаларини бутун минтақадаги иқтисодий интеграция учун асосий пойдеворлардан бири, деб баҳоланган. Айниқса, Термиз орқали Афғонистон ва Покистонга юкларни гуманитар ва тижорат мақсадида етказиб бериш имкониятлари кенгайиши, логистика оқимларини оптималлаштиришга хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилган.

Шунингдек, мақолаларда Термиз шаҳрида ташкил этилган Афғонистон фуқаролари учун таълим маркази ҳам алоҳида қайд этилган. "Бу таълим муассасаси орқали Ўзбекистон томони қўшни мамлакат ёшлари учун таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва келажакда мамлакатнинг тикланишида иштирок этиш имкониятини яратиб бермоқда. Мазкур ташаббус минтақа тинчлиги ва барқарорлигига қаратилган улкан инсонпарварлик қадамидир", – дейилган нашрларда.

Бундан ташқари, Термиз орқали БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан Афғонистонга йўналтирилаётган гуманитар ёрдамлар логистика марказининг самарали фаолияти ҳақидаги маълумотлар ўқувчилар эътиборига тақдим қилинган. Шунингдек, 2022 йилда Термиздан Покистондаги сув тошқинидан жабрланган аҳолига гуманитар ёрдам юборилгани ҳам Ўзбекистоннинг инсонпарварликка асосланган ташқи сиёсатига яққол мисол экани таъкидланган.

"Термиз шаҳрида 2024 йил август ойида очилган "Термиз" халқаро савдо маркази ҳам минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Бу марказ 3 мингдан ортиқ савдо нуқталарини қамраб олади, ташриф буюрувчилар учун визасиз режим яратиляпти, қўшни Афғонистон билан савдо ва алоқаларни янада фаоллаштирмоқда. Марказ, шунингдек, Ўзбекистоннинг савдо салоҳиятини ошириш, балки бутун минтақани иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади", – деб таъкидланган материалларда.

Бундан ташқари Покистон ОАВ Термизнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги тарихи ва бугунги фаолияти, жумладан, терроризм, наркотрафик ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашдаги ўрни ҳақида ҳам маълумот берилган. Бу йўналишдаги қўшма ташаббуслар, жумладан, "Дўстлик кўприги" орқали олиб борилаётган назорат тадбирлари халқаро ҳамкорликнинг самарали механизми сифатида таърифлаган.

Ўзбекистон томонидан Термиз шаҳри негизида амалга оширилаётган ушбу кўп қиррали ва узоқни кўзлаган ташаббуслар Марказий ва Жанубий Осиёни яқинлаштириш, умумий манфаатларга хизмат қиладиган мулоқот, ҳамкорлик ва тинчлик муҳитини шакллантиришда катта аҳамиятга эга.

Покистон ОАВда эълон қилинган мақолалар "Термиз майдони" ташаббусини минтақавий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган замонавий ва инновацион ёндашув сифатида юқори баҳолаб, у Марказий ва Жанубий Осиёнинг янги ривожланиш босқичига кўтарилишини рағбатлантиради", – деган сўзлар билан якунланади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш