Logo

Покистон ОАВ: Ўзбекистон илк бор БМТ Статистика комиссиясининг аъзоси этиб сайланди

Май 06, 2025. 07:32 • 2 дақ

108
Покистон ОАВ: Ўзбекистон илк бор БМТ Статистика комиссиясининг аъзоси этиб сайланди

ИСЛОМОБОД, 6 май. /"Дунё" АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий маданий-гуманитар ва халқаро доирадаги ҳаётига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, ушбу мамлакатнинг "Pakistan in the World" журнали, "Islamabad Post", "Daily Spokesman" ва "Khyber Mail" газеталари, "The World Ambassador" ва "World News" онлайн платформалари Ўзбекистоннинг БМТ Статистика комиссиясига сайлангани тўғрисида ёзди.

Мақолаларда таъкидланганидек, Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Статистика комиссиясининг 2026-2029 йилларга аъзо давлатларини сайлаш жараёнида тарихида илк марта Ўзбекистон ушбу орган аъзоси этиб бир овоздан сайланди.

"Бу Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсда тан олинганини ва мамлакатнинг глобал жараёнларда ўсиб бораётган ролини тасдиқлайди", – деб ёзилган материалларда.

Қайд этилганидек, Комиссия 24 та давлатдан иборат бўлиб, улар 4 йилда бир марта географик тақсимотни ҳисобга олиб сайланади.

"Статистика Комиссиясига тўлиқ аъзо бўлиш Ўзбекистон учун глобал статистик сиёсатни шакллантиришда иштирок этиш, миллий тажриба ва ислоҳотлар ютуқларини намойиш этиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун кенг имкониятларни очиб беради", – дейилган нашрларда.

Покистон ОАВ ёзганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Статистика комиссияси 1947 йилда БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан функционал орган сифатида ташкил этилган. Коммисия халқаро статистика соҳасининг ривожланишини белгиловчи асосий ҳукуматлараро ташкилот сифатида универсал статистика стандартлари ва методологик принципларга оид ишларни мувофиқлаштиради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш