Польша Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги логистикада ўз ролини кучайтиришдан манфаатдор.
Май 11, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 137
ВАРШАВА, 11 май. /“Дунё” АА/. Польшанинг нуфузли “SUPER Express” электрон порталида Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, муҳокама қилинаётган истиқболли йўналишлардан бири Мазовец воеводалиги ҳамда Тошкент вилоятида ўзаро боғланган тақсимот марказларини ташкил этиш ҳисобланади. Бундай ёндашув Марказий Осиёдан Европа Иттифоқига товарлар экспорт жараёнларини соддалаштириши, шунингдек, Польшанинг логистика ва тақсимот маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Мақолада Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолаётгани алоҳида қайд этилган. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Амирсаид Аъзамхўжаевнинг таъкидлашича, мамлакат нафақат глобал чақириқларга мослаша олган, балки транспорт йўлакларини диверсификация қилишга алоҳида эътибор қаратиш орқали иқтисодиётнинг ташқи хатарларга бардошлилигини ҳам мустаҳкамлаган.
2024 йилнинг биринчи чорагида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги жадал ривожланиш ҳисобига Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 6,2 фоизга ўсган. Бундай шароитда экспорт салоҳиятини янада ошириш ва ташқи бозорларга барқарор чиқишни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, тақсимот марказларига инвестиция киритиш ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш зарурлигига алоҳида урғу берилган. Муаллиф фикрича, бу иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб, ҳамкорликнинг барча иштирокчилари учун сезиларли манфаат келтириши мумкин.
“Янги савдо йўлларининг шаклланиши Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари, жумладан, Польша ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади”, дея хулоса қилади “SUPER Express”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




