Logo

Ўзбекистон Орол денгизининг қуриб қолган қисмини ўрмонга айлантиради

123
Ўзбекистон Орол денгизининг қуриб қолган қисмини ўрмонга айлантиради

МАДРИД, 11 май. /“Дунё” АА/. Испаниянинг нуфузли “OkDiario” нашрида “Ўзбекистонда йирик лойиҳа бошланмоқда: Орол денгизининг қуриб қолган қисми ўрмонга айлантирилади” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Испан нашрининг ёзишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукумати жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда Орол денгизи жойлашган ҳудудни қайта тиклаш бўйича кенг кўламли экологик дастурни амалга оширмоқда. Илгари дунёдаги тўртинчи йирик кўллардан бири бўлган ушбу сув ҳавзаси бугунги кунда қуриб қолган, шўрланган ва экологик жиҳатдан ўта заиф текисликка айланган.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати ва илмий жамоалар ҳамкорлигида минтақанинг экотизимини босқичма-босқич тиклаш ҳамда собиқ денгиз тубининг миллионлаб гектар майдонида ўрмонлар барпо этишга қаратилган мисли кўрилмаган лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ушбу ҳудуддаги экологик инқироз 1960 йилларда, совет давридаги қишлоқ хўжалигини ривожлантириш сиёсати доирасида Сирдарё ва Амударё сувларининг пахта далаларини суғоришга йўналтирилиши оқибатида бошланган. Бу қарор Орол денгизи суви тез суратларда камайишига олиб келиб, XX асрнинг энг йирик экологик фожиаларидан бирига айланди.

Натижада, Орол денгизидаги сув ҳажми деярли 90 фоизга қисқарди ва бой экотизимга эга бўлган ҳудуд қақроқ чўлга айланди. Сув чекинган жойларда янги чўл ­– Оролқум шаклланиб, унинг майдони қурғоқчилик ва иқлим ўзгаришлари сабабли кенгайиб бормоқда.

Мўйноқ ушбу экологик ҳалокатнинг энг яққол тимсолларидан бирига айланган. Илгари йирик порт шаҳар бўлган бу ҳудуд ҳозир сувдан ўнлаб километрлар узоқда жойлашган бўлиб, қумда қолган кема қолдиқлари ўтмишни эслатиб туради.

Муаллифнинг таъкидлашича, Оролда сув йўқолгандан кейин қолган тупроқ қатламлари юқори даражада шўрланган, пестицидлар ва минерал ўғитлар қолдиқлари билан ифлосланган. Кучли шамоллар зарарли шўр ва чанг аралашмасини узоқ масофаларга тарқатиб, аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етказмоқда.

Кўлнинг йўқолиши минтақавий иқлимни ҳам сезиларли даражада ўзгартирди: ёзлар янада иссиқ ва қурғоқ, қишлар эса совуқ ва узоқ бўлиб қолди.

Ушбу экологик оқибатларни бартараф этиш мақсадида мамлакатда давлат, илмий ва жамоат даражасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири – Қорақалпоқ давлат университети талабаларининг собиқ денгиз тубини кўкаламзорлаштириш дастурида иштирок этишидир. Лойиҳа 1 миллион гектаргача бўлган ҳудудда дарахт экишни назарда тутади.

Шунингдек ўқинг

Бу саъй-ҳаракатлар шўрланган тупроқни мустаҳкамлаш, қум ва зарарли чанг тарқалишини камайтириш ҳамда зарарли моддаларнинг шамол орқали аҳоли пунктларига етказилишини чеклашга хизмат қилади.

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси мутахассисларининг қайд этишича, ўрмон тиклаш ҳозирги кунда ер деградацияси ва чўлланишга қарши энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.

Бу ташаббуслар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади – зарар кўрган ҳудудларни барқарор экологик маконга айлантириш, биологик хилма-хилликни тиклаш ва маҳаллий иқлим ўзгаришларини юмшатишдир.

Мақолада баён этилишича, экологик лойиҳанинг кўлами кенгайиб бормоқда. Тахминларга кўра, Ўзбекистон Орол денгизининг қуриб қолган тубида 2 миллион гектардан ортиқ ҳудудда ўрмон тиклаш дастурини амалга оширмоқда.

Мутахассислар фикрича, яшил зоналар барпо этиш Марказий Осиёда иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатиш, чанг бўронларини камайтириш ва деградацияга учраган ерларни тиклашда муҳим аҳамият касб этади.

Бу ташаббус халқаро экологик ҳамкорликни ҳам ривожлантирмоқда. Ўзбекистон минтақавий ва халқаро иқлим форумларида қурғоқчил ҳудудларда ўрмон тиклаш тажрибасини бошқа давлатлар билан бўлишмоқда.

Қозоғистон билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, икки давлат Орол денгизининг шимолий қисмини тиклаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар экотизимни барқарорлаштириш, экологик вазиятни яхшилаш ва Орол ҳавзасидаги миллионлаб аҳоли учун барқарор келажак яратишга қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш