Польшадан муносабат: Ўзбекистонда кам маблағ билан ҳам мазмунли саёҳат завқини суриш мумкин
Май 28, 2026. 11:50 • 2 дақ
• 92
ВАРШАВА, 28 май. /“Дунё” АА/. Польшанинг “Onet” интернет-порталида “Ўзбекистонда кам маблағ билан ҳам мазмунли саёҳат завқини суриш мумкин”сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, экзотик архитектураси ва ҳайратланарли даражадаги ҳамёнбоп нархлари туфайли дунё сайёҳларини тобора кўпроқ жалб этмоқда.
Кўплаб блогер ва сайёҳлар Ўзбекистонни Европанинг машҳур курортларидан кўра, камроқ маблағ эвазига, бир неча баробар кўпроқ ва сифатлироқ хизмат олиш мумкин бўлган бетакрор йўналиш сифатида таърифлаган.
Хусусан, дунёнинг кам ўрганилган гўшаларини тадқиқ қилиш билан танилган нидерландиялик саёҳатчи Лоуренс Ўзбекистонни ўзи ташриф буюрган энг арзон мамлакатлардан бири деб атаган. У маҳаллий ресторанларда ичимликлар атиги 1 евро атрофида туриши, шинам меҳмонхоналарни эса бир кеча учун 15 евродан топиш мумкинлигини айтган. Айниқса, унда совет архитектураси, замонавий осмонўпар бинолар ва санъат асари даражасидаги муҳташам метро станцияларини ўзида мужассам этган Тошкент шаҳри катта таассурот қолдирган.
Яна бир таниқли блогер Милица эса такси хизмати ва кундалик харажатлар Европа шаҳарларига қараганда бир неча баробар арзонлиги, халқимизнинг меҳмондўстлиги ва маданий рамз ҳисобланган ўзбек нонининг қадри ўзига хос эканини таъкидлайди.
Дунёга машҳур тревел-блогер Дрю Бински ҳам ўз видеороликларида Ўзбекистонда 1 доллар эвазига маҳаллий таомлар, иссиқ нон ёки чой сотиб олиш, ҳатто чўл ҳудудларида анъанавий кўнгилочар маросимларда иштирок этиш мумкинлигини намойиш этган. У бундай ҳамёнбопликни Ўзбекистонда ҳаёт даражаси қулайлиги ва энг асосий маҳсулотлар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилиши билан изоҳлайди.
Польша нашрида ёзилишича, статистика бўйича Ҳиндистон ёки Миср каби давлатлар арзонроқ туюлиши мумкин, бироқ Ўзбекистон паст нархлар ва сайёҳга тақдим этадиган бой, сифатли таассуротлар уйғунлиги бўйича мутлақо ажралиб туради. Меҳмонлар Ипак йўли даврига оид маҳобатли масжид ва мадрасаларни, қадимий майдонларни ва ҳақиқий шарқона бозорларни катта харажатларсиз кўриш имконига эга.
Мақола хулосасида Ўзбекистоннинг сайёҳлар, хусусан, ёлғиз саёҳат қилувчи аёллар учун ҳам энг хавфсиз мамлакатлардан бири экани алоҳида эътироф этилган. Йирик шаҳарлардаги тинчлик-осойишталик ва сайёҳлик ҳудудларида хавфсизликнинг юқори даражада таъминлангани хорижликларга қулайлик яратмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“Volkswagen” жорий йил охиригача Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин

“Onda Cero”: Ўзбекистон Жаҳон чемпионатида қатнашадиган илк Марказий Осиё мамлакати сифатида тарихга кирди


