Куала-Лумпурда Малайзиядаги ватандошлар учун “Эҳсон дастурхони” ташкил этилди
Май 28, 2026. 11:07 • 3 дақ
• 37КУАЛА-ЛУМПУР, 28 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Малайзия пойтахтида ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар учун муборак Қурбон ҳайити муносабати билан “Эҳсон дастурхони” ёзилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг элчихонаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбир очиқ мулоқот шаклида ва ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. Унда хорижда фаолият юритаётган ўзбекистонлик ўқитувчилар, талабалар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Куала-Лумпурдаги вакиллари ҳамда академик соҳада меҳнат қилаётган юртдошларимиз иштирок этдилар.
Тадбирни элчи Каромиддин Гадоев очиб бериб, йиғилганларни ислом оламининг улуғ айёми билан қутлади ва республика раҳбариятининг қизғин табрикларини етказди. Элчи ўз нутқида Давлат раҳбари ташаббуси билан хориждаги ватандошларни, айниқса етилаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини алоҳида таъкидлади. Дипломатлар ва ватандошлар ўртасида кечган тўғридан-тўғри мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Учрашувда сўзга чиққан ўзбек ёшлари кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, келажакда олган билим ва кўникмаларини Ватан равнақи йўлида сафарбар этишга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Кўтаринки ва дўстона руҳда ўтган маросим якунида миллий қадриятларимизга хос тарзда Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда икки томонлама ҳамкорлик ривожи учун эзгу дуолар қилинди.
Дониёр Абдусамадов, Малайзиянинг UCSI университети 2-босқич талабаси:
- Бугун муқаддас Қурбон хайити муносабати билан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси томонидан ташкил этилган эҳсон дастурхонида қатнашдим. Бу ерда турли соҳалар бўйича таълим олаётган кўплаб юртдошлар билан танишдим ва улар билан фикр алмашдим. Тадбир доирасида жуда самимий суҳбатлар бўлди.
Мен молия соҳасида таълим олаётганим сабабли келажакда ўқишларни битиргандан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, ушбу соҳага ва юртимизга манфаати тегадиган мутахассис бўлишни режа қилдим.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ватандошларни ислом оламининг энг улуғ айёми — Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан табриклайман!
Мухсина Максумова, “Xiamen” университети 1-босқич талабаси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги координатори:
- Бугун Куала-Лумпур шаҳрида Қурбон хайити муносабати билан ташкил этилган эҳсон дастурхонига ташриф буюрдик. Тадбир доирасида кўплаб ўзбек талабалари ва ватандошлар билан танишдик. Ўзаро қизиқтирган масалалар юзасидан суҳбатлашдик.
Бу каби тадбирлар биз ёшларни бирлаштиради. Биз ёшларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибор учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Малайзиядаги ўқиш давомида олган билимларимни ва кўникмаларимни келажакда Ўзбекистонга қайтиб, мамлакатимиз ривожи учун қўллаш ниятидаман.
Ушбу тадбирни ташкил этган барча масъулларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Саидолимхон Баходиров, Малайзиядаги Осиё-тинч океани технология ва инновация университетида киберхавфсизлик йўналиши талабаси:
- Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қурбон хайити муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашганимдан хурсандман.
Биз ёшларга кўрсатилаётган эътибордан жуда мамнунмиз. Тадбир ташкилотчиларига ўз ташаккуримизни билдирамиз. Ўз тенгдошларимга тақдим этилаётган имкониятлардан фойдаланиб, чуқур билим олиб, келажакда Ўзбекистонимиз равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшишга чақириб қоламан. Ўзим ҳам келажакда мамлакатимиз ривожи учун янгидан-янги лойиҳаларни амалга оширишда ҳисса қўшишга тайёрман.
Барчангизни муқаддас Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан табриклайман!
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси












