«Japan News»: БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиёнинг экологик таҳдидлари тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди
Декабрь 29, 2023. 09:15 • 2 дақ
• 190
ТОКИО, 29 декабрь. /«Дунё» АА/. Япониянинг етакчи «Japan News» газетасида «БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиёнинг экологик таҳдидлари тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди» сарлавҳали мақола инглиз тилида босилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Япон босма нашрида таъкидланганидек, шу йил 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюциясини бир овоздан қабул қилди.
Резолюция матнини ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича ҳукуматлараро музокаралар жараёни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларда дунёнинг барча қитъаларидан, жумладан АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Буюк Британия, Германия, Канада, Австралия, Саудия Арабистони, Миср, Аргентина, Бразилия, Мексика ва бошқа давлатларнинг экспертлари фаол иштирок этишди. Юздан ортиқ давлат вакиллар, шунингдек, матнни ўзига хос мазмун билан тўлдириш ва умумий консенсусга эришиш учун кўплаб таклифларни киритдилар.
«Ҳужжат матнида Ўзбекистон Президентининг қатор ташаббуслари, жумладан, «Марказий Осиё учун «яшил» кун тартиби» ва унинг минтақада барқарор ривожланишга кўмаклашишдаги роли алоҳида қайд этилган,- деб ёзган газета. - Резолюцияда БМТга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг Халқаро иқлим форумини 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббусини ҳам олқишладилар».
Ҳужжатда Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини кучайтириш зарурияти алоҳида таъкидланган. Шу боис, халқаро ҳамжамиятга ушбу жамғармани фаол қўллаб-қувватлашни давом эттириш тўғрисида мурожаат йўлланган».
Япония нашрида қайд этилганидек, мазкур резолюцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ташаббуслари ҳам баён этилган.
«Ҳужжат барча Марказий Осиё давлатлари номидан тақдим этилди. Резолюция ҳаммуаллифлари қаторига Германия, Швейцария, Туркия, Хитой, Сингапур, Венгрия, Вьетнам, Озарбайжон, Арманистон, Малайзия, Индонезия, Миср, Иордания, Парагвай (БМТнинг барча минтақавий гуруҳлари вакилларини қамраб олган) каби давлатлар ҳам кирди», - деб ёзган «Japan News».
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси