“РЖД-Партнер”: Ўзбекистонда “E-PERMIT” ва “e-TIR” тизимлари ташқи савдо ва логистика самарадорлигини оширмоқда

Июнь 27, 2026. 14:30 • 2 дақ

97
“РЖД-Партнер”: Ўзбекистонда “E-PERMIT” ва “e-TIR” тизимлари ташқи савдо ва логистика самарадорлигини оширмоқда

МОСКВА, 27 июнь. /“Дунё” АА/. Россиянинг транспорт ва логистика соҳасидаги етакчи нашри “РЖД-Партнер” Ўзбекистонда ташқи савдо йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг рекорд даражада ўсиши фонида глобал таъминот занжирларининг марказий бўғини сифатида ўз мавқеини изчил мустаҳкамлаб бормоқда.

Ташқи савдо ҳажмининг кенгайиши мамлакатда логистика инфратузилмасини ривожлантиришга бўлган барқарор талабни шакллантирмоқда ҳамда мавжуд йўналишлар тармоғини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Самарадорликни оширувчи асосий драйвер сифатида рақамлаштириш жараёнларига алоҳида урғу берилган. Хусусан, “E-PERMIT” электрон рухсатнома тизими ва “e-TIR” рақамли транзит протоколининг жорий этилиши юкларни расмийлаштиришни тезлаштириш, операцион ва маъмурий харажатларни камайтириш, рухсатномалар бериш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда давлат чегараларидан ўтиш вақтини сезиларли даражада қисқартириш имконини бермоқда.

Нашрда 2027 йилгача бўлган даврда маҳаллий ва хорижий логистика бизнеси учун асосий ўсиш нуқталари санаб ўтилган. Хусусан, Хитой – Марказий Осиё ўқи бўйлаб юк ташиш ҳажмини ошириш, Транскаспий халқаро транспорт маршрутидан фаол фойдаланиш ва Эрон ҳамда Форс кўрфази давлатлари йўналишларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, бевосита Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳажмини кўпайтириш, халқаро ташувлар учун рақамли хизматларни кенг жорий этиш, ташқи савдо юкларини комплекс транспорт-экспедиторлик кузатуви билан таъминлаш ҳамда тўлиқ таъминот занжирларини самарали бошқариш ҳам хорижий логистика бизнеси учун асосий ўсиш нуқталари сифатида қайд этилган.

Материал сўнггида Ўзбекистон мультимодал коридорлар воситасида Шарқ, Ғарб ва Жанубий Осиёни боғлаган ҳолда, бутун Евроосиё қитъасининг янги транспорт архитектурасини шакллантираётгани алоҳида эътироф этилган.



Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш