Logo

"Сада ал-Балад" АА: Ўзбекистоннинг "С5+1"даги фаол иштироки АҚШ билан икки томонлама шерикликни чуқурлаштириш сиёсати билан уйғундир

Ноябрь 07, 2025. 14:21 • 2 дақ

83
"Сада ал-Балад" АА: Ўзбекистоннинг "С5+1"даги фаол иштироки АҚШ билан икки томонлама шерикликни чуқурлаштириш сиёсати билан уйғундир

ҚОҲИРА, 8 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг нуфузли "Сада ал-Балад" ахборот агентлигида "Ўзбекистон–АҚШ: стратегик шериклик минтақалараро ҳамкорлик драйвери сифатида" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, шу йил 4 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташриф билан АҚШга бориши ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг "С5+1" форматидаги саммити доирасида АҚШ Президенти Дональд Трамп, Сенат ва Конгресс вакиллари, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди.

"2015 йил ноябрь ойида Самарқандда ишга туширилган "С5+1" формати минтақавий тараққиёт, иқтисодий барқарорлик, экология, энергетика ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришнинг муҳим механизмига айланди. Унинг асосий мақсади – доимий дипломатик мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, транспорт ва энергетик боғлиқликни мустаҳкамлаш, савдо, бизнес ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришдир" – дейилади материалда.

 Шунингдек, "Сада ал-Балад" ААда Ўзбекистон "С5+1" форматида фаол ва конструктив позицияни эгаллагани ҳақида алоҳида сўз юритилган. Хусусан, ўзаро ҳамкорликнинг институционаллашуви, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқлим ва экологик муаммоларга қарши курашишни фаоллаштириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва энергетика йўналишларидаги лойиҳаларни давом эттириб, Афғонистонга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Расмий Тошкент илгари сурган кўплаб ташаббуслар, хусусан "С5+1 виртуал котибияти"ни ташкил этиш (2021), ТИФА доирасидаги учрашувлар (2023 йил март, Самарқанд), сунъий интеллект ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни жадаллаштириш (С5+1) каби таклифлар амалий ҳаётга татбиқ этилди.

Ушбу кўп томонлама ташаббусларнинг амалий натижалари ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши янги экспорт йўналишларини очди, инвестицион жозибадорликни оширди, экспертлар ўртасида билим алмашиш платформаларини яратди, бу эса Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашга хизмат қилди.

Ўзбекистоннинг "С5+1"даги фаол иштироки АҚШ билан икки томонлама шерикликни чуқурлаштириш сиёсати билан уйғундир. Ҳамкорлик сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, фан ва маданият каби барча йўналишларда жадал ривожланмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш