Logo

Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференцияси Хитой ОАВ диққат марказида

Октябрь 03, 2025. 18:14 • 3 дақ

171
Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференцияси Хитой ОАВ диққат марказида

ПЕКИН, 3 октябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Sohu" янгиликлар порталида "Ўзбекистон ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясига мезбонлик қилади" сарлавҳали мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

 Нашрда 2025 йилнинг октябридан ноябригача ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси 40 йилдан сўнг биринчи марта Париждаги анъанавий штаб-квартирасидан ташқарида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши маълум қилинган.

"ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд "Шарқ ва Ғарб маданиятлари ва цивилизациялари чорраҳаси" сифатида машҳур, – деб ёзган муаллиф. – Ушбу қадим кентнинг Бош конференция ўтказиладиган жой сифатида танланиши Ўзбекистоннинг маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳамда фан, технология, таълим ва маданият соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътирофи ҳамда мамлакатнинг жаҳон маданий туризми ва кўп томонлама алмашинувдаги аҳамиятини намойиш этади".

 Таъкидланганидек, Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганидан бери сўнгги ўттиз йилликда глобал ечимларнинг фаол ташаббускорига айланди. Ўзбекистон маданият, туризм ва маданий алмашинув соҳасида салмоқли ютуқларни қўлга киритишда давом этмоқда. "2023 йилда Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясига муваффақиятли мезбонлик қилган Ўзбекистон ЮНЕСКО Бош конференциясига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди ва бу унинг халқаро маданий ва туризм алмашинувининг асосий платформаси сифатидаги ролини янада кучайтирди", дейилади мақолада.

Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорлик қилиш орқали нафақат маданий туризм соҳасида салмоқли натижаларга эришди, балки кўплаб соҳаларда барқарор ривожланишга фаол ёрдам берди. Мамлакат минтақада биринчилардан бўлиб БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини ўзининг миллий стратегиясига киритди, 2018 йилда Барқарор ривожланиш мақсадларини яратди. Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчи қўмитаси 2020 йилда миллий шароитларни акс эттирувчи 125 кўрсаткичдан иборат рўйхатни ишлаб чиқишни якунлади.

2024 йилга келиб Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари глобал индексидаги рейтинги 19 поғонага кўтарилиб, энг тез ривожланаётган мамлакатлар бешлигига кирди. 2022-2024 йилларда БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ ва бошқа ташкилотларнинг кўмаги туфайли Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 8,9 фоизга камайди, бу эса атроф-муҳит, маданият ва туризмни ҳар томонлама ривожлантиришга замин яратди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон БМТнинг кўп томонлама муносабатларида ҳам фаол иштирок этмоқда. 2018 йилдан 2025 йилгача Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг барқарор туризм ва Оролбўйи атроф-муҳитини муҳофаза қилиш каби масалаларни қамраб олган 13 та резолюцияси ташаббуси билан чиқди. Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланган ва айни пайтда БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши ва Халқаро меҳнат ташкилоти каби бир қанча органларда ҳам фаолият юритади.

"2025 йилда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси Ўзбекистонга ўзининг маданий ва сайёҳлик салоҳиятини дунёга намойиш этиш, кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва глобал кун тартибини шакллантиришда катта роль ўйнаш учун муҳим имконият яратади", – деб ёзилган "Sohu" мақоласида.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш