Самарқанд – 2023 йилда жаҳон туризми пойтахти

Ноябрь 16, 2023. 12:36 • 3 дақ

• 189
Самарқанд – 2023 йилда жаҳон туризми пойтахти

ВЕНА, 16 ноябрь. /«Дунё» АА/. Австриянинг «Society» журналида шу йил 16-20 октябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган ЮНВТО Бош ассамблеясининг 25-сессиясига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Австриянинг Марказий Осиё бўйича собиқ савдо вакили, «Society» нашриёт уйи мухбири Рудольф Талер қаламига мансуб ушбу мақолада тадбир юқори савияда ташкил этилгани, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг мазкур анжуманга бўлган қизиқиши юқори бўлгани таъкидланган. Муаллифнинг ёзишича, Самарқандда ўтказилган ЮНВТО Бош ассамблеясининг 25-сессиясига дунёнинг 117 давлатидан 1700 дан ортиқ делегатлар, жумладан 70 нафар вазирлар даражасидаги вакиллар иштирок этди.


«Ўзбекистон Президенти анжуманнинг очилиш маросимидаги нутқида мамлакат туризм соҳасининг миллий иқтисодиёт учун стратегик аҳамияти, кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини алоҳида таъкидлади, — дея қайд этади у. – «Очиқ эшиклар сиёсати» юзга яқин давлат фуқароларига визасиз режимни тақдим этиб, туризмнинг барча кичик тармоқларида бизнес юритиш учун қулай шарт-шароит яратмоқда. Пандемия чекловларига қарамай, икки йил ичида 800 та инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди. Биргина Самарқанд шаҳрининг туризм инфратузилмасини яхшилаш учун 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритилди».


Нашрда туризм соҳасидаги ўзгаришлар билан бир қаторда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, эришилган натижалар ҳам қалам олинган.

Шунингдек ўқинг


«Ўзбекистон иқтисодиёти жуда барқарор. Пандемиядан олдин Ўзбекистон дунёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодиётларидан бири эди, - деб таъкидлаган журналист. - Сўнгги беш йил ичида ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши 5,35 фоизни ташкил қилди, 2023–2026 йилларда иқтисодий ўсиш 5 фоизга етади. Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар сони икки баробар ошди. Жорий йил охиригача Ўзбекистонга 7 миллион сайёҳ келиши кутилмоқда. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 15 миллионни, ички туристлар оқими эса 25 миллионни ташкил қилиши керак».


Мақолада, шунингдек, Самарқанд шаҳрининг тарихи ва бой маданий мероси ҳақидаги муҳим маълумотлар муштарийлар эътиборига ҳавола қилинган.


«Самарқанд – 2023 йилда жаҳон туризми пойтахти. Шаҳар очиқ осмон остидаги музей бўлиб, 2001 йилда ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Замонавий Конгресс-холл, Экспомарказ, бир нечта энг яхши меҳмонхоналар ва улкан дам олиш масканида Бош ассамблеянинг барча тадбирлари, жумладан, «Боқий шаҳар» амфитеатрида ажойиб маданий кеча ташкил этилди», - деб ёзган «Society».

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш