Logo

“Анадолу” АА: Янги бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази уч минг йиллик тарихдан ҳикоя қилади

Апрель 30, 2026. 19:09 • 2 дақ

175
“Анадолу” АА: Янги бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази уч минг йиллик тарихдан ҳикоя қилади

АНҚАРА, 2 май. /“Дунё” АА/. Туркиянинг етакчи “Анадолу” ахборот агентлигида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Тошкент шаҳрида янги барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ташриф буюрувчиларга замонавий технологиялар ёрдамида юртимизнинг уч минг йиллик тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан очилган ушбу марказ билим, тинчлик ва бағрикенглик каби ислом қадриятларига мувофиқ ташкил этилгани билан ажралиб туради. Мажмуада бу заминда милоддан аввалги даврларда ташкил топган давлатлар, ўша пайтда яшаган буюк шахслар, тарихий асарлар ва топилмалар, муҳим ўзгаришлар, минтақадаги уйғониш даври ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар сунъий интеллект технологиялари асосида намойиш этилган.

10 гектар майдонда қурилган марказ ўзининг 161×118 метр ўлчамлари ва 65 метр баландликдаги гумбази билан ажралиб туради. Уч қаватли бинонинг умумий фойдаланиш майдони эса 40 минг квадрат метрдан ошади.

50 мингта тарихий артефакт, ноёб қўлёзмалар ва археологик топилмаларни ўз ичига олган ушбу муассаса нафақат музей, балки тадқиқот институти, кутубхона ва халқаро ҳамкорлик платформаси сифатида ҳам фаолият юритади.

Шунингдек ўқинг

Мажмуадаги энг диққатга сазовор бўлимлардан бири Қуръон зали бўлиб, у ерда Ислом оламидаги энг қадимги Қуръон нусхаларидан бири ҳисобланган Усмоний Мусҳафи ва 114 та ноёб Қуръон қўлёзмалари ўрин олган. Ушбу бўлимда Қуръон оятлари ҳар 40 дақиқада ёритилиб, гўё осмондан нозил бўлаётгандек шакл ҳосил қилади.

Гумбаз остида яратилган махсус голографик тизимда юлдузлар харитаси гавдаланади ва ташриф буюрувчиларга визуал кўриниш тақдим этади.

Марказдаги “Шараф зали”да тарих давомида ушбу заминда содир бўлган муҳим воқеалар ва буюк шахсларни акс эттирувчи 14 та катта панель мавжуд. Панелларда Темурийлар давлати асосчиси Амир Темур, Бобурийлар давлати асосчиси Бобур Мирзо, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий ва бошқа буюк алломалар тасвирланган.

Марказ ўзининг меъморий кўлами, коллекция ҳажми ва кўп қиррали тузилиши билан Гиннеснинг рекордлар китоби томонидан “Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи” сифатида рўйхатга олинган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш