“Jutarnji list”: Ўзбекистон Марказий Осиёда иқтисоди ривожланаётган йирик марказлардан бирига айланиб бормоқда
Май 02, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 157
ЗАГРЕБ, 2 май /“Дунё” АА/. Хорватиянинг етакчи “Jutarnji list” нашрида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва савдо-инвестициявий имкониятларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Тошкент Загреб билан иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантиришга интилмоқда. Хорватиядаги етакчи компаниялар эса сармояларини хорижий корхоналар билан ҳамкорликда кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёда иқтисоди ривожланаётган йирик марказлардан бирига айланиб бормоқда. Хусусан, мамлакат аҳолисининг 38 миллиондан ошгани уни минтақадаги энг йирик истеъмол бозорларидан бирига ва жадал ўсиб бораётган меҳнат ресурслари манбаига айлантирмоқда.
Муаллифнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг географик жойлашуви Хорватия компанияларига Транскаспий ва ривожланаётган Трансафғон йўлакларига чиқиш имконини беради. Ўз навбатида, Адриатика денгизи бўйида жойлашган Хорватия орқали ўзбек экспортчилари учун Жанубий Европага янги йўналишлар очилади.
Нашрда Ўзбекистон хомашёга асосланган иқтисодиётдан диверсификациялашган, тез ривожланаётган бозорга айланаётгани алоҳида қайд этилган. Таъкидланишича, мамлакат ўзининг стратегик жойлашуви туфайли Хитой, Россия, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги муҳим иқтисодий марказга айланмоқда.
Материал хулосасида Хорватиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги берган афзалликлар ва унинг логистика имкониятлари, шунингдек, Тошкент билан стратегик шерикликни ривожлантириш учун қулай шароитлар мавжудлиги қайд этилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Хорватия билан янги иқтисодий ва маданий лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси