Туркманистон ОАВ: Трансчегаравий савдо зоналарининг ишга туширилиши Хоразм ва Дашогуз вилоятларининг иқтисодий салоҳиятини ошириш учун янги имкониятлар яратади
Май 20, 2024. 20:18 • 2 дақ
• 257
АШХОБОД, 21 май. / "Дунё" АА /. Туркманистоннинг "Orient" ва "Turkmenportal" янгиликлар порталларида Ўзбекистон элчисининг Дашогуз вилояти раҳбарияти билан учрашувига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё"АА мухбири.

Қайд этилишича, 15 май куни Дашогузда Ўзбекистон элчиси Акмалжон Қўчқоров вилоят ҳокими Солтанмират Солтанмирадов билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг шимолий минтақаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
"Икки мамлакат ўртасида олий даражада ташкил этилган ишончли ва дўстона мулоқот, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар ва мамлакатларимиз етакчиларининг сиёсий иродаси туфайли Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда барча йўналишларда фаол ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бораётгани таъкидланди", – дейилади нашрларда.
Қайд этилишича, мулоқот чоғида Хоразм ва Дашогуз вилоятлари ўртасида чегара савдо зонаси – савдо марказининг ташкил этилиши мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмининг ўсишига, шунингдек, чегара ҳудудлари аҳолисининг фаровонлигини оширишга хизмат қилиши эътироф этилди.
Маълум қилинганидек, Дашогуз вилоятидаги Туркманистон-Ўзбекистон чегара зонасида савдо марказини қуриш бўйича қурилиш ишлари 2023 йил июль ойида бошланган, объектни ишга тушириш 2025 йил июль ойига режалаштирилган.
"Трансчегаравий савдо зоналарининг ишга туширилиши Хоразм ва Дашогуз вилоятларининг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, шунингдек, аҳоли фаровонлигини ошириш учун янги имкониятлар очади", – деб ёзган Туркманистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда