"Казинформ" ХАА: Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказишга келишиб олди
Апрель 28, 2025. 20:18 • 59 сония
• 95
ОСТОНА, 29 апрель. /"Дунё" АА/. Қозоғистоннинг "Казинформ" халқаро ахборот агентлиги "Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказади" сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда маълум қилинганидек, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов 23-24 апрель кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
"Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти ва Туркман халқининг миллий етакчиси ўртасида музокаралар ўтказилди, – дейилган мақолада. – Унда Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди".
Шунингдек, ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларида, жумладан, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Хабар қилинишича, Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми мажлислари, маданият кунлари, кўргазмалар ва ҳоказолар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди.
"Икки мамлакат пойтахтларида савдо уйлари ташкил этилиб, юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, ҳамкорликда "Шовот-Тошҳовуз" чегара савдо зонаси ташкил этилмоқда", – деб ёзган "Казинформ" ХАА.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида