Logo

Германиядан муносабат: Ўзбекистон IT-аутсорсинг марказига айланиб бормоқда

Март 29, 2024. 10:08 • 2 дақ

114
Германиядан муносабат: Ўзбекистон IT-аутсорсинг марказига айланиб бормоқда

БЕРЛИН, 29 март. /"Дунё" АА/. Германиянинг Ташқи савдо ва инвестициялар агентлиги ("Germany Trade & Invest"/GTAI) веб-сайтида Ўзбекистонда ривожланиб бораётган ахборот технологиялар соҳаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон жадал суратлар билан IT-аутсорсинг марказига айланиб бормоқда, — дейилади мақолада. — Халқаро IT-бизнес харитасида мамлакат 2021 йилдан буён соҳа хизматларини хорижга экспорт қилиш бўйича пешқадамлик қилмоқда. Экспортнинг катта қисми АҚШ ва ЕИ мамлакатларига тўғри келмоқда. 2030 йилда 5 миллиард доллар қийматидаги ахборот технологиялари хизматларини экспорт қилиш режалаштирилган".

Агентлик экспертларининг таъкидлашича, мамлакатда хорижий IT-компаниялар учун яратилган қулай шароитлар ва имтиёзлар туфайли тобора кўпроқ хорижий провайдерлар Ўзбекистон IT-аутсорсинг бозорига кириб келмоқда. Бунга мисол сифатида "Reasunta Technology" Германия-Чехия компанияси ҳамда "Exadel", "DSR Corporation", "Itransition", "iTechArt", "Epam Systems", "VEON AdTech" каби кўплаб хорижий компаниялар кўрсатилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда соҳа инфратузилмасининг кучли ривожланганлиги ва халқаро компанияларнинг мамлакатга кириб келиши ҳам ушбу жабҳанинг тараққиётига туртки бўлмоқда. Ҳукуматнинг улкан ислоҳотлар дастурида ахборот технологиялар соҳасини ривожлантиришда хорижий ҳамкорларга катта аҳамият берилган.

Таъкидланишича, ушбу омилларнинг барчаси иқтисодиётнинг мазкур муҳим тармоғини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Ўзбекистон IT-аутсорсинг ва дастурий таъминот яратиш бўйича халқаро даражадаги марказга айланиш йўлидан бормоқда.

Нашрда Тошкент  шаҳридаги IT-паркнинг марказий алоқа платформаси сифатидаги роли алоҳида қайд этилган. "2019 йилда IT-парк бугун Ўзбекистон информацион технологиялар соҳаси учун институционал ва инфратузилмавий асос саналмоқда. Ахборот технология компаниялари ўз штаб-квартирасидан ташқари қўшимча равишда ёки виртуал тарзда мазкур паркдан жой олиши мумкин. Шунингдек, бу муассаса хорижий IT-аутсорсинг ҳамкорларидан ҳам буюртмалар қабул қилади", — дея қайд этилган манбада.

IT-парк халқаро миқёсда соҳа компанияларига имтиёзли шартларни таклиф этади. Технологиялар ва дастурий маҳсулотлар харид қилишда корхоналар 2028 йилгача даромад солиғи, ижтимоий суғурта бадаллари ва божхона тўловларидан озод қилинади. Даромад солиғи ялпи иш ҳақининг одатдаги 12% ўрнига 7,5% ни ташкил этади.

Таъкидланишича, 2024 йил март ойи ўрталарида Тошкент IT-паркида 1 минг 800га яқин компания рўйхатга олинган, шундан 1 минг 200га яқини Тошкент шаҳрида ва 600таси вилоятларда иш олиб боради. Шунингдек, улар қаторида IT академияси, Рақамли университет, Бангладеш "Nextgen" IT академиясининг филиали ва венчур капитали фирмалари ҳам жой олган.

"Яқин келажакда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида мазкур Парк хорижда жумладан, биринчи навбатда Германия ва Саудия Арабистонида шўъба корхоналарини очишни режалаштирган", — деб ёзилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш