“World Nuclear News”: Ўзбекистонда илк АЭС қурилиш ишларига старт берилди
Март 27, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 139
ЛОНДОН, 27 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистондаги илк атом электр станцияси қурилиши доирасида биринчи кичик модулли реактор (КМР) учун бетон қуйиш ишларига старт берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“World Nuclear News” нашрининг ёзишича, “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв томонидан имзоланган ҳужжат АЭС лойиҳасининг асосий йўналишларини қамраб олган. Жумладан, унда кадрлар тайёрлаш, жамоатчиликни ядровий технологиялар билан таништириш ҳамда станция ҳудудида келажакда “ядро шаҳарчаси”ни барпо этиш масалалари назарда тутилган.
Лойиҳадаги янгиланишларга мувофиқ, станция таркиби ҳар бири 1 ГВт қувватга эга бўлган иккита ВВЭР-1000 энергоблоки ҳамда ҳар бири 55 МВт қувватли иккита РИТМ-200Н кичик модулли реакторлардан иборат бўлади. Бу эса умумий қувватни аввал режалаштирилган 330 МВтдан 2100 МВтдан ортиқ даражага ошириш имконини беради.
Шу йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотида Жиззах вилоятидаги майдонда бошланган илк бетон ишлари ҳамда “Йўл харитаси” имзолангани юқори баҳоланди.
Маълум қилинишича, станция тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, йилига тахминан 17,2 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу мамлакатнинг умумий энергия эҳтиёжининг қарийб 14 фоизини қоплаш имконини беради.
РИТМ-200Н технологияси атом музёрар кемаларида синовдан ўтган ечимлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг хизмат қилиш муддати 60 йилни ташкил этади. Жиззах вилоятидаги қурилиш майдонида реактор биноси учун 13 метр чуқурликда котлован тайёрланган бўлиб, апрель ойи якунига қадар бетон ишларининг асосий қисмини якунлаш режалаштирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси