“Orta Lectura”: Ўзбекистон Президенти бошчилигидаги ислоҳотлар минтақа тараққиётига янги суръат бағишламоқда
Октябрь 14, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 186
МАДРИД, 14 октябрь. / “Дунё” АА/. Испаниянинг “Orta Lectura” таҳлилий-ахборот порталида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, 2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан мамлакатда тизимли ўзгаришлар – “Янги Ўзбекистон” концепциясини амалга ошириш жараёни бошланди.
Муаллиф давлат раҳбарининг минтақа қўшнилари билан 25 йил давомида ечимини топмай келган чегара низоларини ҳал этганини алоҳида қайд этган. Унинг сўзларига кўра, бу хомашё, инсонлар ва энергия ресурслари ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз эркин ҳаракатланадиган яхлит минтақавий бозорни шакллантириш имконини берди.
Иқтисодий соҳадаги туб бурилиш сифатида 2017 йилда валюта айирбошлаш курсининг либераллаштирилгани, бунинг ортидан хомашё экспортидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтилгани, рақамлаштириш жараёнлари жадаллашгани ва хорижий инвестициялар учун кенг имкониятлар яратилгани тилга олинган.
Мақолада пахтачиликда мажбурий ва болалар меҳнатига бутунлай чек қўйилганига алоҳида урғу берилган. Бу мамлакатнинг халқаро нуфузини юксалтириб, талабчан жаҳон бозорларига йўл очгани таъкидланган. Геосиёсий нуқтаи назардан, Транскаспий йўналишининг (Ўрта йўлак) ортиб бораётган аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилган.
Тошкент эндиликда харитадаги чекка ҳудуд эмас, балки муҳим логистика марказига айланди. Ўзбекистон Россия ва Хитой каби давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаб, савдо алоқаларини ривожлантирмоқда, Европа Иттифоқи билан самарали мулоқот олиб бормоқда.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёев ўн йилдан камроқ вақт ичида Ўзбекистонни минтақада барқарорлик ва прагматизм намунасини кўрсатаётган муҳим давлатга айлантиргани қайд этилган. Муаллиф фикрича, ислоҳотлар суръати сақланиб қолса, Марказий Осиё Евроосиёда транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантирувчи янги куч сифатида эътироф этилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси