1 сентябрь куни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Деҳлидаги Қутб Минор ёдгорлиги мамлакатимиз давлат байроғи ранглари билан ёритилди

Сентябрь 02, 2026. 15:00 • 3 дақ

74
1 сентябрь куни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Деҳлидаги Қутб Минор ёдгорлиги мамлакатимиз давлат байроғи ранглари билан ёритилди

ДЕҲЛИ, 2 сентябрь. / “Дунё” АА/. 1 сентябрь куни - қутлуғ айём Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Деҳли шаҳридаги қадимий меъморчилик обидаси 73 метрлик Қутб-Минор ёдгорлиги мамлакатимиз давлат байроғи ранглари билан ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳиндистон 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистон давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. 1992 йил 18 мартда Тошкентда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Протокол имзоланган.

Ўтган давр мобайнида икки давлат ва халқлар ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда ушбу алоқалар ўзгача динамика касб этди, стратегик шериклик муносабатларимиз янги босқичга кўтарилди.

Икки томонлама ҳамкорлик сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар, инновациялар, таълим, маданият ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларни қамраб олган ҳолда жадал кенгайиб бормоқда.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширгани рамзий маънога эгадир.

Олий даражада бўлиб ўтган самарали музокаралар мамлакатларимиз ўртасидаги самимий дўстлик, ўзаро юксак ҳурмат ва ишончнинг яна бир ёрқин ифодасига айланди.

Ушбу ташриф тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқди. Шубҳасиз, у ўзбек-ҳиндистон муносабатларида янги босқични бошлаб беради ва барча устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Шунингдек ўқинг

Асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Ўтган йили ўзаро савдо ҳажми 33 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларга етди. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Ташриф доирасида асосий қўшма инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди. Ҳиндистоннинг бир қатор йирик компаниялари билан аниқ келишувларга эришилди.

Музокаралар давомида энергетика, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электроника, машинасозлик, заргарлик саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги ўсиш нуқталари белгилаб олинди.

Бу йил байрам алоҳида тантана билан нишонланмоқда. Ҳиндистоннинг энг эътиборли меъморий ёдгорликларидан бири бўлган Қутб-Минорнинг Ўзбекистон давлат байроғи ранглари билан ёритилиши ҳинд халқининг дўст ва биродар ўзбек халқига бўлган чуқур ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин намойиши ҳамда ўзига хос байрам совғаси бўлди.

Қутб-Минор мажмуасини қуриш 1193 йилда Деҳли султонлиги асосчиси Қутбиддин Ойбекнинг буйруғи билан бошланган ва XIV асрда якунланган. Баландлиги 72,6 метр бўлган ушбу иншоот дунёдаги энг баланд ғиштли минара ҳисобланади.

1993 йилда у ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш