Logo

“Агробанк” хизматларини халқаро тажриба асосида ривожлантиради ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали янги бошқарув тизимини шакллантиради

Апрель 20, 2026. 18:55 • 2 дақ

68
“Агробанк” хизматларини халқаро тажриба асосида ривожлантиради ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали янги бошқарув тизимини шакллантиради
“Агробанк” хизматларини халқаро тажриба асосида ривожлантиради ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали янги бошқарув тизимини шакллантиради

ТОШКЕНТ, 20 апрель. /“Дунё” АА/. “Агробанк” акциядорлик-тижорат банки томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Анжуманда банк вакиллари Ўзбекистон Президентитининг “Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳамда ижросини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, ушбу қарор қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, хизматлар сифатини ошириш ва соҳани тубдан янгилашга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Банк хизматларини халқаро тажриба асосида ривожлантириш ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали янги бошқарув тизимини шакллантириш кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, 2026 йилда Агробанк олдига катта вазифалар қўйилган. Жумладан, 25 триллион сўм қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилиш, хорижий манбалардан 600 миллион доллар ва ички манбалардан 18 триллион сўм маблағ топиш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳар бир ҳудудда агрохизмат зоналари ташкил этилади. Бу зоналарда фермерларга нафақат молиявий хизматлар, балки агрономик маслаҳатлар, тупроқ таҳлили, сув ва энергия тежовчи технологиялар, кўчат етказиб бериш каби хизматлар ҳам кўрсатилади.

Тадбирда қайд этилишича, қишлоқ хўжалигида таълим ва малака оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Сувчилар мактаби” орқали ҳар йили 10 минг нафар фермерни ўқитиш, “Фермерлар мактаби” онлайн платформаси орқали билимларни кенгайтириш режалаштирилган.

Рақамли трансформация доирасида янги технологиялар жорий этилади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги мониторинг маркази ташкил қилиниб, экин майдонларини масофадан кузатиш, ҳосилдорликни прогноз қилиш ва кредитлардан самарали фойдаланишни назорат қилиш имкониятлари яратилади.

Айрим ҳудудларда пилот лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, Жиззах вилоятида боғдорчилик, Сирдарё вилоятида эса чорвачилик соҳасида сунъий интеллектга асосланган ечимлар синовдан ўтказилмоқда.

Инновацияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Агробанк” таъсисчилигида “Agro Ventures” жамияти ташкил этилган. У орқали янги ғояларни молиялаштириш ва амалиётга жорий этиш ишлари олиб борилади.

Матбуот анжумани якунида журналистларни қизиқтирган саволларга банк мутахассислари батафсил жавоб берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш