Америкалик сенаторларга ўзбек яккакураши тури – турон намойиш этилди
Май 05, 2026. 10:25 • 2 дақ
• 413
ВАШИНГТОН, 5 май. /“Дунё” АА/. Халқаро “Турон” федерацияси (International Turon Federation) президенти, ватандошимиз Фаррух Ниёзимбетов АҚШдаги Капитолий биносида ўзбек миллий яккакураши тури – туронни халқаро майдонда тарғиб қилиш бўйича ўз ташаббусларини намойиш қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тақдимот Вашингтонда бўлиб ўтаётган Осиё–Америка ва Тинч океани ҳамжамияти етакчилари саммити (AAPI Leaders Summit – АҚШ жамоат ташкилотлари, ишбилармон ва сиёсий доиралари ўртасидаги ҳамкорлик платформаси) доирасида бўлиб ўтди.
Саммит доирасида АҚШ сенаторлари, жумладан, Нью-Йорк, Иллинойс, Гавайи ва Нью-Жерси штатлари сенаторлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида АҚШда турон курашини оммалаштириш, спорт дипломатиясини ривожлантириш, қўшма маданий ва ёшлар лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сенаторлар тегишли ташкилотлар билан мунтазам ишчи алоқаларни давом эттириш, дипломатия ва маданий алмашинув соҳасида қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш, ёшлар дастурлари бўйича ҳамкорлик қилиш ва АҚШдаги ҳамкорлик тармоғини кенгайтириш орқали спорт турларини оммалаштиришга кўмаклашиш бўйича келишувларга эришилди.
Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган Турон халқаро федерацияси ушбу спорт турини АҚШ ва бошқа давлатларда оммалаштириш бўйича изчил иш олиб бормоқда.
Қайд этилишича, қатор давлатларда туронга ихтисослашган федерациялар шаклланмоқда. Бу борада жорий йилда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган турон бўйича Жаҳон кубоги мусобақаси муҳим ўрин тутади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси