Ўзбекистонлик ёш дзюдочилар халқаро турнир ғолиби бўлди
Апрель 28, 2026. 15:25 • 3 дақ
• 230БЕРЛИН, 28 апрель. /“Дунё” АА/. Кеча Германия пойтахтида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида халқаро турнири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Berlin “Millennium Team” Cadet European – Cup 2026” номли ушбу халқаро мусобақада дунёнинг 35 та давлатидан жами 740 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди.
Турнирда ўзбекистонлик ёш дзюдочилар ҳам муносиб қатнашди. Ҳамюртларимиз 4 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза, жами 11 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Франция ва Озарбайжон спортчиларига насиб этди.
Юртимиз терма жамоаси сафида Чарос Ҳикматова, Абубакр Сатторов, Зуҳра Алимова ва Самандар Суннатов олтин медалларини қўлга киритди.
Маъмуржон Абдуваҳобов ва Давлатбек Аҳроров кумуш медалга сазовор бўлди. Эътиборли жиҳати, -60 кг вазн тоифасида финал баҳси учун икки нафар ўзбекистонлик дзюдочи ўзаро беллашди.
Ирода Сирожиддинова, Дилафруз Болтабоева, Бобур Юсупов, Акромжон Каримов ва Беҳрузбек Усмонов бронза медалларини қўлга киритди.
Берлиндаги ушбу юксак натижа Ўзбекистон дзюдо мактабининг тизимли ишларни амалга ошираётгани, халқаро майдонда рақобатбардошлиги ва ёш спортчилар салоҳияти юқори эканини яна бир бор намоён этди.
Мусобақа якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ҳар томонлама юқори натижа кўрсатган ҳолда турнирнинг энг яхши жамоаси сифатида эътироф этилди.
Халқаро беллашувда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов ҳам қатнашди. Элчи ёш ва умидли дзюдочиларни муваффақиятли иштироки билан табриклаб, уларга келгуси мусобақаларда омад тилади.
Мутахассислар фикрича, дзюдо бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Берлиндаги мазкур натижаси тасодиф эмас, балки бош мураббий, руминиялик мутахассис Аурелиан-Чиприан Флис бошчилигида тренерлар жамоасининг машаққатли меҳнати натижасидир.
“Турнирда дунёнинг турли мамлакатидан 740 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди. Бу мусобақанинг юқори нуфузга эга эканини кўрсатади. Иштирокчилар орасида Ўзбекистон дзюдочилари катта ғайрат ва ирода намоён этиб, ғалабага эришди. Ўзбек спортчиларининг юқори натижалари бизни қувонтирди. Ўзбекистонда ҳар доимгидек истиқболли ёш спортчилар авлоди етишиб келмоқда”, дея фикр билдирди Германия дзюдо федерацияси вице-президенти, Берлин дзюдо уюшмаси раҳбари Томас Ютнер.
Дзюдо бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Аурелиан-Чиприан Флис мусобақа терма жамоа эришган ютуқлар ҳақида ўз фикрларини баён этди:
“Биз миллий терма жамоа билан иккинчи мусобақада иштирок этдик. Мусобақа яхши ўтди, чунки спортчиларимиз юқори натижалар кўрсатди. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладик. Бу жамоамизнинг катта салоҳиятга эга эканини ва келгусида Осиё ҳамда Жаҳон чемпионатларида муносиб қатнашишимизга ишонч борлигини англатади. Спортчиларга, ҳамкасбларимга ва Ўзбекистон дзюдо федерациясига қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдираман. Энди май ойида Тошкентда ўтадиган халқаро турнирига тайёргарликни бошлаймиз ва у ерда ҳам шогирдлардан яхши натижалар кутиб қоламиз”.
Мусобақада олтин медални қўлга киритган Абубакир Сатторов ҳам мусобақадаги иштироки юзасидан фикр билдирди:
“Мусобақада биринчи ўринни эгалладим. Устозларим ва ташкилотчилардан миннатдорман. Кейинги мусобақаларда ҳам Ўзбекистон байроғини юқори кўтариб, янада нуфузли беллашувларда ҳам ғолиб бўлишга ҳаракат қиламан”.
60 кг вазн тоифасида кумуш медаль соҳибига айланган Давлат Аҳроров:
“Мусобақа жуда қизғин ва кучли рақобат остида ўтди. Финалда юртдошим Абубакир Сатторовга ютқазиб қўйганим учун, мағлубият унчалик аламли бўлмади. Германиядаги элчихона ходимларига қўллаб-қувватлаб тургани учун раҳмат айтаман. Бу сафар кумуш медаль бўлди, келгуси мусобақаларда олтин медаль олишга бор кучимни сарфлайман”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси







