Logo

Анқарада ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди

Март 08, 2026. 12:02 • 2 дақ

53
Анқарада ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Анқарада ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди

АНҚАРА, 8 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси томонидан муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Туркияда истиқомат қилаётган ватандошлар учун ифторлик дастурхони ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири

Ушбу маданий-маърифий учрашувда 180 нафардан ортиқ юртдошимиз иштирок этди. Тадбирни ёритиш учун маҳаллий “TRT Avaz” телеканали, ҳамда юртимиздаги оммабоп “Gazeta.uz” сайти мухбирлари таклиф этилди. Ватандошларга мамлакатимиздан ташриф буюрган Фарғона шаҳри имом-хатиби Жўрабек Рахмонов маъруза қилди.

Имом-хатиб тадбир давомида муқаддас Рамазон ойининг инсонларни эзгуликка, меҳр-шафқат ва бағрикенгликка чорловчи, жамиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи маънавий аҳамияти ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Байрамона руҳда ўтган тадбир чоғида кўп йиллардан буён Туркияда истиқомат қилиб келаётган Дилфуза Сиддиқова бу йилги Рамазони шариф кунларида тинчлик-омонлик, ўзаро дўстлик ва аҳилликка интилиб яшаш нақадар муҳимлигини таъкидлаб, хориждаги юртдошлар ҳолидан хабар олиб тургани учун барча ватандошлар номидан Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди.

Туркиядаги “Renaissance Construction” компаниясида сўнгги олти ой давомида меҳнат фаолиятини олиб бораётган сурхондарёлик Шерқўзи Бобомуродов ҳам тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, бундай учрашувлар мусофир юртда меҳнат қилаётган юртдошларга катта маънавий кўмак бўлаётганини эътироф қилди. Унинг сўзларига кўра, турли хорижий давлатларда истиқомат қилувчи фуқароларимизни бир дастурхон атрофида бирлаштириш, ушбу ойга хос эзгу фазилатларнинг яна бир мужассам ифодаси бўлган. Қолаверса, консуллик вакиллари ҳам ватандошлар билан доимий алоқада бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олиб турмоқда.

Тадбир иштирокчилари бундай учрашувлар давлатимиз раҳбарининг “Инсон қадри учун” тамойили асосида юритаётган сиёсати амалий ифодаси эканини қайд этди. Уларнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар хорижда таҳсил олаётган ёшларни бирлаштириш, ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда Рамазон ойининг маънавий қадриятларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўзга чиққанлар бу каби маънавий-маърифий учрашувлар хорижда меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган ҳамюртлар учун ортида Ўзбекистон ҳукумати турганини янада чуқур ҳис этиш имконини бераётганини таъкидлади. Бу эса ўз навбатида уларда Ватанга бўлган ифтихор ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш