Японияда меҳнат қилаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Март 05, 2026. 14:34 • 2 дақ
• 243ТОКИО, 5 март. /“Дунё” АА/. Япониядаги “Shimizu Сorporation” қурилиш компаниясида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар билан маданий-маърифий учрашув доирасида ифторлик ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Элчихона томонидан ўтказилган мазкур маданий-маърифий тадбир ватандошлар билан яқиндан танишиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва тегишли ёрдам кўрсатишга замин яратди.
Мулоқот давомида дипломатлар юртдошларимизни муборак Рамазон ойи билан табриклаб, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Шу билан бирга, хорижда ишлаётган юртдошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш элчихонанинг устувор вазифаларидан бири экани қайд этилди. Давлат сиёсатида инсон қадри ва манфаатлари энг олий қадрият сифатида белгилангани таъкидланди.
Учрашув доирасида консуллик йўналиши бўйича ватандошларга амалий ва фойдали маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, ўз вақтида консуллик ҳисобига туришнинг аҳамияти, ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши, меҳнат шартномаларига риоя қилиш, яшаш ва ишлаш тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди. Қабул қилувчи давлат қонунчилигига риоя этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва шахсий масъулиятни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида элчихона вакиллари билан ватандошлар ўртасида бевосита мулоқот таъминланди, ҳамюртлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Мазкур формат дипломатик ваколатхона раҳбариятининг фуқаролар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот юритиш амалиётини янада мустаҳкамлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


